date

Россияда янги қонун: гумонланувчилар ҳисобварақлари 10 кунгача музлатилади

Россияда янги қонун: гумонланувчилар ҳисобварақлари 10 кунгача музлатилади

Россияда молиявий хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида муҳим янгилик — Президент Владимир Путин тергов ва суриштирув органларига судгача бўлган жараёнда гумонланувчиларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини 10 кунгача музлатиб қўйиш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолади, деб хабар берди dw.com.

Ушбу ҳуқуқий ўзгаришлар Жиноят-процессуал кодексига киритилади ва ҳужжат Давлат думаси томонидан 22 июль, Федерация кенгаши томонидан эса 25 июль куни маъқулланган эди. Энди тергов ва суриштирув органлари, агар гумонланувчининг ҳисобварақларидан жиноий фаолиятга алоқадор пул ўтказмалари борлигига асослар мавжуд бўлса, молиявий операцияларни тўлиқ тўхтатиб қўйиш имконига эга бўлади.

Янги қоидаларга кўра, ҳисобварақ 10 кунлик муддатга музлатилиши мумкин. Бу муддат тугагандан кейин, ҳисобварақни хатловга олиш ёки блокировкадан чиқариш бўйича якуний қарор суд томонидан қабул қилинади. Агар блокировка давом эттириш учун асос топилмаса, терговчи ўзи қабул қилган қарорни бекор қилиши ва бу ҳақда банк ёки электрон пул операторини дарҳол хабардор қилиши шарт.

Шу билан бирга, қонунга кўра, банклар ва молиявий ташкилотлар ҳуқуқ-тартибот идораларидан келиб тушган сўровга 3 иш куни ичида барча зарур маълумотларни тақдим этиши шарт. Агар сўров электрон шаклда келган бўлса, маълумотлар 24 соат ичида юборилиши лозим.

Мутасаддилар таъкидлашича, янги қоидалар 2025 йил 1 сентябрдан амалга киритилади ва молиявий жиноятларга қарши курашда ҳуқуқ-тартибот идоралари имкониятини янада кучайтиради. Банк операциялари шаффофлиги ошиши ва гумонланувчи ҳисобварақлари орқали ноқонуний маблағларни яшириш ҳолатларига чек қўйилиши кутилмоқда.

Экспертлар бу янгиликни судгача бўлган текширув жараёнларининг самарадорлигини ошириш ва молиявий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун муҳим қадам, дея баҳоламоқда. Молиявий тизимда адолат ва тартиб сўзсиз устувор вазифага айланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда янги қонун: гумонланувчилар ҳисобварақлари 10 кунгача музлатилади