date

Зеленский девонининг собиқ ўринбосари уйида тинтув ўтказилди

Зеленский девонининг собиқ ўринбосари уйида тинтув ўтказилди

Украина Миллий аксилкоррупция бюроси (НАБУ) томонидан олиб борилаётган суриштирув доирасида мамлакат президенти Володимир Зеленский девони раҳбарининг собиқ ўринбосари Ростислав Шурмага тегишли уйда тинтув амалга оширилди. Бу ҳақда Германиянинг нуфузли “Der Spiegel” нашри хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, 15 июль куни Бавария федерал ерларидан бири бўлган Штарнберг шаҳридаги Шурма яшайдиган манзилда немис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари НАБУнинг сўровига биноан тинтув ишларини олиб борган.

Нашрнинг таъкидлашича, ушбу ҳаракат Украинадаги сиёсий муҳит учун жуда нозик бир даврда рўй берди. Чунки бир ҳафта ўтиб, Зеленский Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратуранинг ваколатларини чеклаш ҳақида қарор қабул қилган.

Россия билан олиб борилаётган уруш фонида 41 ёшли Шурманинг айнан қандай тарзда Баварияга кўчиб ўтгани борасида ҳозирча аниқ маълумот мавжуд эмас.

Бундан аввал, “Украинская правда” манбаси орқали маълум бўлишича, президент девони раҳбари Андрей Ермакнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари бўлган Шурма "манфаатлар тўқнашуви ва АҚШ расмийларининг босими" туфайли лавозимидан озод этилган.

Шу билан бирга, Шурманинг акасига тегишли компаниялар “яшил тариф” механизми орқали давлат маблағларини қоплатгани ҳақидаги маълумотлар оммага эълон қилингач, халқаро ҳамкорлар у билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилган.

Украинанинг “NV” нашри эса Шурманинг ишдан бўшатилиши 2024 йил баҳорида президент Володимир Зеленский ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида бўлиб ўтган мулоқотлардан сўнг расмийлаштирилганини ёзади. Расмий равишда эса у 2024 йил 3 сентябрь куни ишдан озод этилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский девонининг собиқ ўринбосари уйида тинтув ўтказилди