date

БМТ бош котиби: “Мажлис ва ҳисоботлар сони тизимни ҳам, бизларни ҳам чарчатди”

БМТ бош котиби: “Мажлис ва ҳисоботлар сони тизимни ҳам, бизларни ҳам чарчатди”

Бутунжаҳон ташкилоти — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ўз фаолияти самарадорлигини ошириш ва харажатларни қисқартириш мақсадида тайёрланган янги ҳисоботида танқидий маълумотни очиқлади: ташкилот томонидан ишлаб чиқилаётган ҳисоботларни деярли ҳеч ким ўқимаяпти. Бу ҳақда Pravilamag хабар берди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, 2024 йили ташкилот 27 мингта мажлис ўтказиб, 240га яқин турли орган иштирок этган. Шунингдек, БМТ котибияти томонидан 1100 та расмий ҳисобот тайёрланган бўлиб, бу 1990 йилга нисбатан 20 фоизга кўпроқдир.

“Мажлислар ва ҳисоботларнинг кўплиги тизимни ҳам, бизларни ҳам энг чекка чегарага етказмоқда”, — деди Гутерриш.

Унинг таъкидлашича, ҳисоботларнинг катта қисмига етарлича эътибор берилмаяпти. Энг оммалашган 5 фоиз ҳисоботгина 5500 мартадан кўпроқ юклаб олинган. Ҳар бешинчи ҳисобот эса минг мартадан кам юклаб олинган.

“Юклаб олиш ҳисобот ўқилганини англатмайди”, — дея изоҳ берди у.

Бу муаммонинг ечимини топиш мақсадида Гутерриш 2025 йил март ойида “БМТ80” деб номланган махсус ишчи гуруҳни ташкил этди. Ушбу гуруҳ ташкилот фаолиятини замонавий талаблар асосида ислоҳ қилишни мақсад қилган.

Гутерриш яна бир жиддий муаммога эътибор қаратди — молиявий танқислик. Унга кўра, сўнгги етти йил давомида БМТ доимий ликвидлик инқирозини бошдан кечирмоқда. Бу 193 аъзо давлатдан барчаси ўзининг мажбурий тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ тўламаслиги сабабли юз бермоқда.

“Камроқ мажлислар. Камроқ ҳисоботлар”, — дея ўз хулосасини якунлади Гутерриш.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » БМТ бош котиби: “Мажлис ва ҳисоботлар сони тизимни ҳам, бизларни ҳам чарчатди”