Эронда миллий валютада катта ўзгаришлар кутилмоқда. Мамлакат молиявий тизимидаги мураккабликларни бартараф этиш, ҳисоб-китобларни соддалаштириш ва иқтисодий тизимни янада самарали қилиш мақсадида давлат раҳбарияти валюта ислоҳотига қадам ташламоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, Эрон парламентининг иқтисодиёт қўмитаси янги қонун лойиҳаси асосий бандларини маъқуллаб, миллий валюта — риёлни сақлаб қолган ҳолда, ундаги тўртта нолни қисқартириш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Унга кўра, 1 та янги риёл — 10 000 та эски риёлга тенглаштирилади.
Бу ислоҳот нафақат қоғоз пуллар ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли даражада камайтириши, балки мамлакатдаги иқтисодий ҳисоб-китоб жараёнларини ҳам анча енгиллаштириши кутилмоқда. Шунингдек, янги пул бирлигини жорий этиш орқали аҳолининг пулга нисбатан ишончи ва муносабатини яхшилаш, нархлар барқарорлигини таъминлаш режалаштирилган.
Қўшимча қилинишича, Эронда янги майда тангалар — гиронлар ҳам муомалага киритилади. 1 янги риёл 100 гиронга бўлинади. Бу орқали чакана савдо соҳасида ҳам қулайликлар яратилиши кўзда тутилган.
Айтиш жоизки, бундан беш йил аввал ҳам Эрон парламенти миллий пул бирлигини ўзгартириш масаласини кўтарган ва ўшанда риёл ўрнига туман атамаси жорий этилиши кутилган эди. Ўшанда 1 туман 10 000 риёлга тенг бўлиши белгиланганди. Бироқ бу ташаббус амалиётга тўлиқ жорий этилмасдан қолган.
Янги режа амалга ошса, Эрон иқтисодиётида янги давр бошланиши мумкин. Айниқса, инфляция даражаси юқори бўлган давлатлар учун бундай деноминация амалиётлари самарали натижалар бериши мумкинлиги халқаро тажрибада ҳам ўз исботини топган.
Ҳозирда парламентда ушбу қонун лойиҳаси атрофида муҳокамалар давом этмоқда. Қарор тасдиқланса, Эроннинг пул сиёсатида сезиларли бурилиш юз беради. Бу эса мамлакатнинг молиявий барқарорлиги ва халқаро иқтисодий муносабатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!