Жаҳон энергетика бозорида янги сенсация пайдо бўлди, деб хабар берди bр.com. Британиянинг нуфузли BP (British Petroleum) компанияси Бразилия соҳиллари яқинида сўнгги чорак асрда кузатилган энг йирик нефть-газ конларидан бирини аниқлади. Янги конга “Бумеранг” номи берилди — у мамлакат жануби-шарқида, Рио-де-Жанейродан 404 километр масофада жойлашган Сантос ҳавзасида аниқланган.
Маълумотларга кўра, нефть-газ конлари Атлантика океанидаги туз қатлами остида жойлашган бўлиб, BP 2022 йил декабр ойида кимошди савдосида ушбу ҳудудда қазиб олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Компания мутахассислари 5855 метр чуқурликда қудуқ бурғилаб, 300 квадрат километрдан ортиқ майдонда катта захираларни топишга эришди.
Кашфиётнинг яна бир муҳим жиҳати — карбонат ангидрид концентрациясининг юқорилиги. Бу ишлаб чиқариш жараёнини мураккаблаштириши ва қайта ишлаш харажатларини ошириши мумкин. BP бу масала бўйича қўшимча лаборатория тадқиқотларини олиб бормоқда ва кон имкониятларини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Бумеранг” BP учун 2025 йилда очилган ўнинчи нефть-газ кони ҳисобланади. Компания мутахассислари фақатгина Бразилияда эмас, балки Тринидад, Миср, Мексика кўрфази, Ливия, Намибия ва Анголада ҳам янги конларни кашф этишда давом этмоқда.
Янги кашфиёт нафақат Бразилия, балки бутун глобал энергетика бозори учун муҳим аҳамиятга эга. Океан остидаги туз қатламлари остида яширинган бойликлар ва уларни самарали ўзлаштириш имконияти BP’нинг илмий-техникавий салоҳияти ва халқаро нуфузини янада ошириши кутилмоқда.
Келгусида компания томонидан олиб борилаётган қўшимча тадқиқотлар ва янги технологиялар ёрдамида “Бумеранг” конидаги қазилмалар ишлаб чиқарилиши ва бозорга етказилиши кутилмоқда. Энергетика соҳасида бундай янгиликлар рақобат ва истиқболларни янада кенгайтириши аниқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!