Россия–Украина уруши бошланганидан бери Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ва унинг қариндошлари ҳайратланарли даражада кўп мукофотларга сазовор бўлишган. Бу ҳақда “Верстка” манбаси ўз таҳлилларида маълум қилди.
Маълумотларга қараганда, сўнгги 41 ой давомида Қодиров шахсан ўзи 31 та орден ва медалга эга бўлган. Бу деярли ҳар 40 кунда бир марта мукофотга лойиқ кўрилганини англатади. Бу жараён нафақат унинг шахсини, балки унинг оила аъзоларини ҳам қамраб олган.
Рейтингнинг иккинчи ўрнида унинг ўғли Адам Қодиров жой олган. У 16 та мукофотга эга бўлган ва уларнинг ярми атиги икки ой ичида – 2023 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида топширилган. Ушбу давр Адам Грознийда тергов изоляторида маҳбус Никита Журавелни калтаклагани билан боғланган. Шу воқеадан сўнг унга мукофотлар бориб тургани кўпчиликда ажабланиш уйғотган.
Учинчи ўринда эса Қодировнинг қизи – Айшат Қодирова. У 2022 йилдан буён 10 та давлат мукофотига сазовор бўлган. Бу мукофотлар оилавий ва сиёсий нуфузни кўрсатувчи яна бир кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.
Қизиқарлиси, жами 146 та мукофотнинг 82 таси Чеченистоннинг маҳаллий, яъни ички мукофотларидир. Қолганлари эса федерал даражадаги вазирликлар ва идоралар, хусусан Росгвардия, ИИВ ва ФСИН сингари куч тузилмалари томонидан берилган. Бу эса Қодировлар оиласининг Россиядаги давлат тузилмалари билан қанчалик яқин алоқада эканини кўрсатади.
Бундан ташқари, улар Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларидаги маъмуриятлар, айрим хорижий давлатлар – Ливия ва Жанубий Осетия расмийлари томонидан ҳам мукофотланган.
Адам Қодировга доимий равишда берилаётган орден ва нишонлар интернетда ҳазил ва мемларга ҳам сабаб бўлмоқда. Медиаларда эълон қилинаётган мукофотлаш тўғрисидаги хабарлар нафақат танқидий фикрларга, балки юмористик муносабатларга ҳам сабаб бўлди.
“Верстка”нинг таъкидлашича, кўп ҳолларда бу мукофотлар Чеченистон расмийларининг тўғридан-тўғри сўрови билан амалга оширилади. Масалан, 2023 йил октябрь ойида Қодиров маъмурияти Қабарда-Болқория ва Адигея ҳукуматларидан Адамга орден беришни илтимос қилган. Бошида бу сўров рад этилган бўлса-да, бир ой ўтгач, Адам Қабарда-Болқориянинг энг юқори мукофотини олган.
Кўриниб турибдики, мукофотлар сони бу ерда шунчаки рақамлар эмас – улар орқасида катта сиёсий уйғунлик, таъсир ва имидж қурилиши бор. Аммо шу билан бирга, бу ҳолат кўпчиликда турли саволларни ҳам уйғотмай қолмаяпти. Балки энг катта савол — бу мукофотлар қанчалик ҳақиқий хизмат учун берилмоқда?
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!