date

Яқин Шарқда янги хавф: Ғазо эгаллаш бўйича Исроил режаси баҳс уйғотди

Яқин Шарқда янги хавф: Ғазо эгаллаш бўйича Исроил режаси баҳс уйғотди

Исроил ҳукумати Ғазо шаҳри устидан тўлиқ назоратни қўлга киритиш ниятини очиқ эълон қилгач, жаҳон миқёсида кўплаб давлатлар бу қарор ортидан можаро янада кучайиши мумкинлигидан қаттиқ ташвишга тушди. Хусусан, Британия бош вазири Кир Стармернинг сўзларига кўра, бундай йўл танлаш на қуролли тўқнашувга чек қўяди, на ҲАМАС қўлидаги гаровдагилар тақдирини енгиллаштиради. Унинг таъкидлашича, бу фақат яна янги қон тўкилишига, қурбонлар сони ошишига ва вазиятнинг кескинлашишига олиб келиши мумкин.

Стармер 8 август, жума куни Лондондан берган баёнотида Исроил раҳбариятини ўз режасини қайтадан кўриб чиқишга даъват этди. У минтақадаги гуманитар инқироз кун сайин оғирлашиб, аҳоли учун ҳаётий хавфлар ортиб бораётганини алоҳида қайд этди. “Дарҳол оташкесимга эришиш зарур, инсонпарварлик ёрдамини ошириш лозим, ҲАМАС эса барча гаровдагиларни озод қилиши шарт. Можарони фақат музокаралар орқали ҳал қилиш мумкин”, — деди у.

Шу билан бирга, Британия бош вазири ҲАМАСнинг Ғазо сектори келажагида ҳеч қандай сиёсий ёки маъмурий рол ўйнай олмаслигини таъкидлади. У ҳар икки тарафга мурожаат қилиб, “ҳалокат йўли”дан воз кечишга ва тинч йўл излашга чақирди.

Бу орада, Германия ҳукумати ҳам ўз позициясини аниқ ифода этди — Берлин Исроилга Ғазо секторида қўлланиши мумкин бўлган қуролларни етказиб беришни тўхтатди. Немис расмийлари тинч аҳолининг азоб-уқубатлари ортиб бораётганидан жиддий хавотирда. Германия канцлери Фридрих Мерцнинг таъкидлашича, агар янги ҳарбий ҳужум бошланса, Исроил қирғоқбўйи аҳолиси таъминоти ва хавфсизлиги учун катта масъулиятни ўз зиммасига олади. Шунингдек, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар орқали инсонпарварлик ёрдамини узлуксиз етказиш учун барча имкониятлар яратилиши шарт.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк ҳам Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу раҳбарлигидаги ҳукуматнинг қарорини кескин танқид қилди. У бу режани “зудлик билан” қайта кўриб чиқишга чақирди ва унинг БМТ Халқаро суди қарорига зид келишига урғу берди. Суд қарорига кўра, Исроил оккупацияни имкони борича тезроқ тўхтатиши шарт.

Турк, шунингдек, бу ҳаракат Яқин Шарқдаги можарони икки давлат ечими асосида ва фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлайдиган саъй-ҳаракатларга зид эканини қўшимча қилди.

8 август куни эрталаб Исроил хавфсизлик маҳкамаси ҲАМАСни “мағлуб этиш” ва Ғазо шаҳри устидан назорат ўрнатиш режасини маъқуллади. Бу қарор тунги учрашувда, урушни тўхтатиш ҳақида халқаро чақириқлар ва Исроил ичидаги норозиликларга қарамай қабул қилинди. Норозиликлар кўп жиҳатдан ҲАМАС қўлидаги гаровдагилар тақдири учун хавотирдан келиб чиқмоқда.

Аввалроқ, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШнинг Fox News телеканалига берган интервюсида Исроил бутун Ғазо секторини ўз назоратига олиш ниятида эканини айтиб ўтган эди. Айни пайтда Исроил армияси эксклав ҳудудининг тўртдан уч қисмини назорат қилмоқда. Ҳукумат қарори мамлакат ичидаги мухолифат томонидан ҳам қаттиқ танқид қилинди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Яқин Шарқда янги хавф: Ғазо эгаллаш бўйича Исроил режаси баҳс уйғотди