date

Пекинда Лю Цзянчаонинг кутилмаган ҳибсга олиниши ортида нима бор?

Пекинда Лю Цзянчаонинг кутилмаган ҳибсга олиниши ортида нима бор?

Хитой сиёсий элитасида кескин воқеалар рўй бермоқда. Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси халқаро алоқалар бўлими раҳбари сифатида хизмат қилган, тажрибали дипломат ва сиёсий арбоб Лю Цзянчао июль ойи якунларида хорижий сафари ортдан Пекинга қайтгач, кутилмаганда ҳибсга олинди. Унга нисбатан сўроқ ишлари бошлангани ҳақида The New York Times ўзининг ишончли манбаларига таяниб маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 61 ёшли юқори лавозимли арбобнинг нега ҳибсга олингани ҳақида ҳозирча расмий изоҳ йўқ. Газета журналистлари унинг ўзи билан боғланишга уринишган, аммо муваффақиятга эришмаган. Шунингдек, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа расмий идоралар ҳам ҳодиса юзасидан ҳеч қандай баёнот бермади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Цин Ганг ўз лавозимини тарк этганидан сўнг, Лю Цзянчао Хитой ташқи ишлар вазири ўрни учун асосий номзодлардан бири сифатида тилга олинган эди. Бундан ташқари, 2022 йилдан бери у 20 дан зиёд давлатга расмий ташриф буюриб, 160 дан ортиқ давлат вакиллари билан музокаралар ўтказган.

Унинг халқаро майдондаги фаоллиги, жумладан, АҚШнинг собиқ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувлари, дипломатнинг карераси янада юқори маррага кўтарилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирган эди. Шу боис, унинг ҳозирги кутилмаган ҳибсга олиниши кўпчиликда жиддий саволлар уйғотмоқда.

Ҳозирда Хитой Ташқи ишлар вазирлигини тажрибали сиёсатчи Ван И бошқармоқда. Аммо Лю Цзянчао атрофидаги вазият нафақат Хитой ички сиёсатида, балки халқаро дипломатияда ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиши табиий.

Келгуси кунларда бу воқеа ортидаги ҳақиқий сабаблар ва натижалар аниқлашиши, шубҳасиз, Хитой ташқи сиёсати йўналишига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пекинда Лю Цзянчаонинг кутилмаган ҳибсга олиниши ортида нима бор?