Россиянинг шимолида жойлашган ва Украина чегарасидан тахминан 2 минг километр узоқликдаги Коми Республикаси биринчи марта Украина дронлари ҳужумига дуч келди. Мазкур воқеа мамлакатнинг стратегик аҳамиятга эга саноат ҳудудларидан бири — Ухта шаҳрида содир бўлди.
Маҳаллий вақтда тарқатилган расмий маълумотларга кўра, Ухтада дронлар ҳужуми хавфи эълон қилинди. Telegram орқали тарқалган ахборотда айтилишича, дронлар шаҳар ёнидаги нефть қайта ишлаш заводига йўналтирилган. «День» ахборот дастури орқали берилган хабарда: «НҚИЗ ҳудудида дрон қулаган. <...> Нефть қайта ишлаш мажмуасида ёнғин содир бўлмади», — дея таъкидланган.
Ҳодисадан кейин шаҳар марказида жойлашган «Ярмарка» савдо мажмуаси ва яқин атрофдаги нефть қайта ишлаш заводи тезкор равишда эвакуация қилинди. Шунингдек, Украинанинг Supernova+ телеграм-канали ҳужумда «Лукойл-Ухтанефтепереработка» заводи асосий нишон бўлганини иддао қилди.
Ухта аҳолиси ҳодиса вақтида мобил интернет алоқасида узилишлар кузатилганини билдирди. Шу каби алоқа муаммоларидан Сиктивкар шаҳри фуқаролари ҳам шикоят қилган. Россия ҳаво ҳужумларига қарши тизими фаоллашган пайтда, Ухта аэропортида самолётларни қабул қилиш ва парвозга чиқариш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Росавиация расмий вакили Артём Кореняко маълумот берди.
Коми Республикаси раҳбари вазифасини вақтинча бажараётган Ростислав Голдштейнга кўра, дронлар қулаши оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Таъкидлаш жоизки, кенг кўламли уруш бошланганидан бери Украина дронлари биринчи марта Коми Республикаси ҳудудини нишонга олди. Бу эса жанг майдонлари географияси тобора кенгаяётганини ва узоқ ҳудудлар ҳам эҳтимолий хавф остида эканини кўрсатиб турибди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!