Украинадаги уруш майдонларидан келаётган сўнгги хабарлар вазиятнинг янада кескинлашаётганини кўрсатмоқда. “Тирик қайт” Украина жамғармаси раҳбари Тарас Чмутнинг таъкидлашича, агар ҳозирги шароит ўзгармаса, мамлакат ҳар куни юзлаб квадрат километр ҳудудини йўқотиши мумкин.
Тарас Чмутнинг фикрига кўра, бу хавфли жараёнга асосий сабаблардан бири қўмондонлик штаби томонидан қабул қилинаётган қарорлар ва айрим ҳолларда ҳаракатсизлик ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, айнан шундай омиллар Украина Қуролли кучларининг Донбасс фронтидаги жуда оғир ва хавотирли аҳволига олиб келган.
“Аввал биз взвод даражасида муваффақиятга эриша олмадик. Кейин навбат компания даражасига келди. Шунинг ортидан баталонлар ҳам қийинчиликка дуч келди”, — дейди Чмут.
Мутахассислар фикрича, ҳозирги шароитда Украина армияси жуда эҳтиёткор ва стратегик ҳаракат қилишга мажбур. Чунки ҳар бир йўқотилган метр ҳудуд келажакда катта муаммолар ва узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Донбассдаги вазият нафақат ҳарбий жиҳатдан, балки сиёсий ва психологик нуқтаи назардан ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга.
Агар ҳозирги ҳолат ўзгармаса ва қўмондонлик тарафидан кескин чоралар кўрилмаса, Украина нафақат ҳозирги позицияларини йўқотиши, балки стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудудлардан ҳам айрилиши мумкин. Бу эса бутун фронтда мувозанатни Россия фойдасига ўзгартириши эҳтимоли бор.
Экспертлар ва кузатувчилар эса, Донбассдаги ҳар бир кунни, ҳар бир қарорни катта қизиқиш ва хавотир билан кузатмоқда. Чунки вазиятнинг қай томонга бурилиши бутун минтақа келажагига таъсир кўрсатиши аниқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!