АҚШ пойтахти Вашингтонда федерал ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган йирик махсус операция давомида 68 нафар шахс ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакат бош прокурори Пэм Бонди Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, кеча кечқурун федерал хизматчилар ва Колумбия полицияси иштирокида жиноятчиликка қарши кураш бўйича рейд амалга оширилган. Натижада, бир кечанинг ўзида 300 дан зиёд шахслар қайд этилди, 15 та ноқонуний ўқотар қурол мусодара қилинди ва қатор жиноий ишлар очилди.
“Федерал ҳамкорларимиз билан биргаликда 68 нафар шахс қўлга олинди. Улар орасида қотилликда гумон қилинганлар, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлар ҳамда турли ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар бор”, — деди Бонди.
Маълумотларга кўра, ҳибсга олинганлардан айримлари олдиндан қидирувда бўлган. Айни пайтда уларга нисбатан суриштирув ва суд ишлари олиб борилмоқда.
Вашингтонда бундай кенг кўламли операция сўнгги ойларда биринчи марта ўтказилмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, бу чоралар шаҳарда хавфсизликни таъминлаш ва жиноятчилик даражасини кескин пасайтиришга қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!