Афғонистоннинг йирик шаҳарларидан бири — Мозори Шарифда буюк аллома Алишер Навоий хотирасига бағишланган ёдгорликни қайта тиклаш ва уни янада кўркам ҳолатда барпо этиш ишлари бошланди. «Дунё» агентлиги хабар беришича, шаҳар марказида жойлашган ва охирги йилларда хароб ҳолга келиб қолган ёдгорлик мажмуасини янгидан қуриш учун расман тамал тоши қўйилди.
Шаҳар ҳокими Абдураҳмон Ҳимматнинг таъкидлашича, мазкур қарор шаҳарнинг муҳим чорраҳаларидан бири — Мухобирот майдонида қабул қилинган. Унга кўра, Навоий меросини муносиб тарзда улуғлаш мақсадида катта ер майдони ажратилган ва бу ерда замонавий мажмуа қурилиши режалаштирилган.
— Янги мажмуада Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли, ижоди, давлат арбоби сифатида амалга оширган хайрли ишлари тўғрисида тўрт тилда — ўзбек, инглиз, дорий ва пуштуда лавҳалар ўрнатилади. Шунингдек, махсус кутубхона ҳам ташкил этилади, — деди шаҳар раҳбари.
Маълумотларга кўра, ёдгорлик қурилиши шаҳар ҳокимлиги бюджетидан молиялаштирилади ва бир ой ичида тўлиқ якунланиши режалаштирилган. Ёдгорлик учун матнларни тайёрлаш жараёнида Термиз давлат университети мутахассислари кўмаклашиши қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мозори Шарифда Навоий ҳайкали ва ёдгорлиги бутунлай бузиб ташлангани ҳақида хабар тарқалган эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ҳукуматидан изоҳ сўраганди. Кейинроқ «Толибон» бу ишлар маҳаллий ҳокимият ташаббуси билан амалга оширилганини маълум қилди. Уларга кўра, аввалги жой Навоийнинг буюк хотирасига муносиб эмаслиги сабабли ёдгорлик олиб ташланган ва аллома учун янада улкан ва кўркам мажмуа қуриш режаси қабул қилинган.
Шу тариқа, Мозори Шарифда Навоий номини улуғлайдиган ва унинг маънавий меросини келажак авлодга етказадиган янги ёдгорлик яратиш йўлида муҳим қадам қўйилди.
Фото: Дунё
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!