Яқин Шарқда вазият янада кескинлашмоқда. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпурнинг сўзларига кўра, Эрон ҳарбийлари Исроил томонидан эҳтимолий янги ҳужумлар амалга оширилса, унга нисбатан янада кучли ва вайронкор зарбалар беришга тайёр ҳолатда турибди. Бу ҳақда Меҳр агентлиги орқали маълум қилинди.
«Генерал Пакпур таъкидладики, Эрон армияси ҳар қандай янги тажовузга жавобан Исроилга қаттиқ таъсир кўрсатадиган ва катта оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган зарба бериш учун тўлиқ тайёр ҳолатда турибди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 13 июн куни Исроил Эроннинг ядровий дастурини йўқ қилиш мақсадида ушбу мамлакатга ҳужум амалга оширганди. Бунга жавобан Эрон ҳам Исроилга қарши ҳужум уюштириб, минтақада вазиятни янада кескинлаштирган эди.
Шу билан бирга, 22 июн куни АҚШ Эроннинг учта ядровий иншоотига ракета зарбалари йўллагани қайд этилган. Ортидан эса икки томон — Эрон ва Исроил сулҳга келишиб, вақтинча тинчлик ўрнатилгани ҳақида маълум қилинганди.
Мутахассислар фикрича, Пакпурнинг бу баёноти минтақада вазият янада издан чиқиши мумкинлигидан дарак бермоқда. Халқаро ҳамжамият эса ушбу зиддиятнинг кенгайишидан жиддий хавотирда.
Бу ҳолатнинг қандай якун топиши ҳозирча ноаниқ, аммо шубҳасиз, Эрон ва Исроил муносабатлари яқин ҳафталарда бутун дунё диққат марказида бўлиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!