Украина ҳукумати яна бир муҳим гуманитар қадамга қўл урди. Расмий маълумотларга кўра, Россия ва Гуржистон чегарасидаги буфер зонада қийналиб қолган 65 нафар украиналик Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ҳамда ички ишлар вазири Игор Клименко ўз саҳифалари орқали маълумот тарқатишди.
Маълум қилинишича, қайтарилганлар орасида 10 нафар аёл ва 8 нафар оғир касал бўлган инсон ҳам бор. Улар Молдова ҳудуди орқали транзит йўли билан Украинага етказилди. Сибига ва Клименко таъкидлашича, ушбу фуқаролар Гуржистондаги «Даряли» назорат-ўтказиш пунктида Россия ҳаракатлари туфайли юзага келган оғир гуманитар инқироз шароитида қолиб кетишган.
Вазирлар айтишича, Украина дипломатлари ва консуллик хизматлари бу жараёнда фаол иштирок этган. Улар нафақат фуқароларни қайтариш, балки чегарадаги шароитни яхшилаш учун ҳам барча чораларни кўришган. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ёрдамини жалб этиш орқали иш янада тезлаштирилган.
Украина ТИВ маълумотларига кўра, сўнгги ойларда умумий ҳисобда 44 нафар фуқаро қайтарилган эди. Янги қайтиш билан бу рақам 109 кишига етди. Бу эса Украина ҳукумати ўз фуқароларининг тақдири ва уларнинг хавфсизлиги учун қатъий иш олиб бораётганидан далолатдир.
Муттахассислар таъкидлашича, бу каби ташаббуслар нафақат инсонпарварлик жиҳатидан муҳим, балки Украина нуфузини халқаро майдонда янада мустаҳкамлайди. Экспертлар ва жамоатчилик эса ҳукуматнинг янада кўпроқ фуқароларни қайтаришига умид боқмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!