Хитойнинг Янцзян шаҳрида яшовчи бир эркак дорихона тармоғини оиласи бузилишига сабабчи бўлганликда айблаб, судга мурожаат қилиш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда Pravilamag хабар берди.
Фуқаронинг айтишича, у маҳбубаси учун контрацептив дори сотиб олишга уринган, аммо жараён кутилмаганда фош бўлиб, никоҳи хатар остида қолган.
Эркак тўловни мобил илова орқали амалга оширган, аммо техник носозлик сабабли операция ўтмаган. Шундан кейин дорихона ходимлари у кўрсатган рақам орқали боғланишга уринган, бироқ қўнғироққа унинг рафиқаси жавоб берган.
Аёл, табиийки, шубҳаланиб, ходимдан қўшимча маълумот сўраган ва жавоб олиши биланоқ сир очилган.
Эркак интернетга видеомурожаат чиқариб, энди нафақат унинг, балки “иккинчи оила”нинг ҳам вайрон бўлиши мумкинлигини айтган. У дорихонани жавобгарликка тортишини, далил сифатида эса ходим ва турмуш ўртоғи ўртасидаги ёзишмалар ҳамда скриншотларни тақдим қилишини билдирган.
Хэнань Zejin адвокатлик фирмаси вакили Фу Жианнинг сўзларига кўра, эркак моддий товон талаб қилиши мумкин, аммо бу ишни исботлаш осон эмас.
— Аслида оила бузилишига асосий сабаб унинг ўзи ва зино қилганлиги ҳисобланади. Шу боис биринчи навбатда эркак ўз қилмиши учун жавоб бериши шарт. Лекин агар дорихона ходимлари ростдан ҳам шахсий ҳаётга аралашгани аниқланса, уларнинг ҳам қонуний жавобгарлиги мавжуд бўлиши мумкин, — дейди ҳуқуқшунос.
Фу Жиан қўшимча қилди:
— Агар у судга мурожаат қилса, дорихона қўнғироғи ва никоҳнинг бузилиши ўртасидаги сабабий боғлиқликни аниқ далиллар билан кўрсатиши шарт бўлади. Аммо қўнғироқнинг ўзи қонунга зид эмас ва маълумот ошкор этиш мақсадида қилинмаган. Шунинг учун ҳам бу ерда шахсий ҳуқуқ бузилганини исботлаш жуда қийин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!