Яқин беш йил ичида маҳаллий низолар йирик урушларга айланиб кетиши эҳтимолини Америка разведкаси ва халқаро экспертлар олдиндан башорат қилмоқда. Politico нашри эълон қилган таҳлилда шундай хулосалар берилди.
Мутахассислар фикрича, энг хавфли нуқталардан бири – Ҳиндистон ва Покистон муносабатлари. Кашмирдаги йиллар давом этган тортишув ва ҳар икки давлатнинг ядровий арсеналлари можаро глобал миқёсда катта оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англатмоқда. Айниқса, Покистоннинг ядровий қурол қўллаш чегараси паст бўлган ҳарбий доктринаси вазиятни янада издан чиқаради.
Хитой эса бир вақтнинг ўзида икки йирик можаро хавфи билан тўқнашиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Биринчи йирик сценарий – Тайван масаласи. Агар бу ерда тортишув авж олса, халқаро муносабатларда чуқур силжиш юз бериши ва АҚШнинг иттифоқчиларга берган кафолатлари жиддий синовдан ўтиши мумкин.
Иккинчи эҳтимолий ўчоқ – Хитой ва Ҳиндистон чегарасидаги йиллар давомида ҳал этилмаган масала. Мустамлакачилик давридан мерос қолган низо ҳали ҳам тўлиқ ечим топмаган ва тўқнашувни чеклайдиган самарали механизмлар мавжуд эмас. Бу эса ҳар қандай тушунмовчилик тезда кенг кўламли можарога айланиб кетиши хавфини кучайтиради.
Ғарб таҳлилчилари шунингдек, Россиянинг Болтиқбўйига йўналтирилган эҳтимолий ҳаракатини ҳам инкор қилмаяпти. Бундай вазият НАТОнинг барча кучини синовдан ўтказиб, Европа хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин.
Шимолий Корея масаласи ҳам алоҳида қайд этилган. Экспертлар Ким Чен Ин бошқарувининг беқарорлиги ва ядровий қуролга таянган сиёсати бутун минтақани издан чиқариб, катта инқирозга сабаб бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Шу тариқа, Politico таҳлилида келтирилган нуқталар халқаро сиёсий майдонда янги ва хавфли жараёнлар эҳтимолидан дарак бермоқда. Муттахассислар фикрича, ушбу сценарийлардан бири амалга ошса, дунё хавфсизлиги олдида мутлақо янги синовлар пайдо бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!