date

Ҳиндистон Озарбойжоннинг ШҲТга аъзо бўлиш аризасини яна тўсди

Ҳиндистон Озарбойжоннинг ШҲТга аъзо бўлиш аризасини яна тўсди

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида янги келишмовчилик юзага келди. AnewZ нашри ёзганидек, Ҳиндистон Озарбойжоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қўшилиш учун тақдим этган аризасини яна рад этди.

Маълумотларга кўра, Ҳиндистон бу қарорни Озарбойжоннинг Покистонни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаши билан изоҳламоқда. Ҳиндистонлик дипломатлар фикрича, бу ҳолат кўп томонлама ҳамкорлик асосларига ҳамда «Шанхай руҳи»га зид. Чунки ШҲТ доирасида икки давлат ўртасидаги можаролар ташкилот майдонига кўчирилмаслиги лозим.

Бироқ Хитой мутлақо бошқа позицияда. Пекин расмийлари Озарбойжоннинг аризасини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, унинг ШҲТ тамойилларига мос келишини таъкидламоқда.

Шу билан бирга, сиёсатшунослар бундай вазият ташкилот ичидаги зиддият ва келишмовчиликларни янада ойдинлаштираётганини қайд этмоқда. Бир томонда Хитойнинг ёрдами ва рағбати, иккинчи тарафда эса Ҳиндистоннинг кескин блокловчи позицияси кўзга ташланмоқда.

Бокудаги исми ошкор этилмаган расмийлар бу қарор Озарбойжоннинг сиёсий йўналишига таъсир қилмаслигини айтиб, аммо мазкур қадам кўптомонлама дипломатия ва ШҲТ руҳиятига зид эканини билдиришди. APA агентлиги тарқатган маълумотга кўра, бу жараёнга жавоб тариқасида Покистон Арманистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш аризасини рад этган.

Айни дамда ШҲТнинг тўлиқ аъзолари қуйидагилар: Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон, Ўзбекистон ва Беларус. Шунингдек, ташкилот ҳузурида кузатувчи давлатлар (Афғонистон ва Мўғулистон), шунингдек, мулоқот ҳамкорлари сифатида олти мамлакат — Озарбойжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка ҳам фаолият юритмоқда.

Бундай вазият ШҲТнинг ички мувозанати янада синалишини англатади. Ташкилотнинг қайси йўналишда ривожланиши эса келгуси музокара ва қарорларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон Озарбойжоннинг ШҲТга аъзо бўлиш аризасини яна тўсди