Россия президенти Владимир Путин Украинага нисбатан қўшимча босим ўтказиш мақсадида Словакия раҳбариятини энергетик блокадага чақирди. Унинг таъкидлашича, газни реверс йўналишида етказиб беришни ва электр таъминотини тўхтатиш орқали Киев бошқа мамлакатларнинг манфаатларига тажовуз қилишда ўз ҳаракатларига чеклов қўйиш зарурлигини тезда англаб етади. Бу ҳақда Путин 2 сентябрь, сешанба куни Пекин шаҳрида Словакия бош вазири Роберт Фицо билан бўлиб ўтган музокаралар давомида айтди. У шунингдек, Украинанинг "Дружба" нефт қувурига дронлар орқали зарбалар берганини қаттиқ танқид қилди.
Хитойга «Иккинчи жаҳон урушида милитаристик Япония устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги» муносабати билан ташкил этилган маросимда қатнашиш учун келган ягона Европа етакчиси сифатида Роберт Фицо ҳам Киевнинг ҳаракатларини кескин қоралади. У 5 сентябр куни Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув пайтида нефт қувури хавфсизлигини алоҳида кўтаришини ваъда берди.
Учрашувда Путин Словакиянинг мустақил ташқи сиёсий йўналиши учун Фицога миннатдорлик билдирди. Словакия бош вазири эса ўз навбатида Европа Иттифоқини «қудуқ тубида ўтирган ва дунёдаги воқеаларни кўра олмаётган қурбақа»га қиёслаб, кескин баёнот берди. У «Европа Иттифоқига ҳурматим баланд, аммо унинг глобал воқеаларга муносиб жавоб қайтариш имконияти йўқ», деб таъкидлади. Шу билан бирга, Фицо мамлакати Россия билан энергетика соҳасида ҳамкорликни давом эттириш ва Москвадан нефт ҳамда газ сотиб олишдан манфаатдор эканини очиқ билдирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!