3 сентябр куни тонгдан кейин Россия қўшинлари Донецк вилоятининг Константиновка шаҳрига навбатдаги зарбани берди. Расмий маълумотларга кўра, камида тўққиз инсон ҳалок бўлди, яна етти нафар фуқаро турли даражада жароҳат олди, деб хабар берди Ukrinform.
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкиннинг таъкидлашича, эрталаб шаҳар стволли артиллериядан уққа тутилган. Натижада 44 ёшдан 74 ёшгача бўлган саккиз киши жон берди, олти киши ярадор бўлди. Зарбадан икки кўп қаватли уй, бир хусусий турар жой, дўкон, савдо маркази ва бозордаги бешта павилон зарар кўргани айтилди.
Шу билан бирга, душман икки марта фуқаролик автомобилларини FPV-дронлар орқали нишонга олгани қайд этилди. Бу ҳужумлар оқибатида 36 ёшли аёл ҳалок бўлди, яна бир киши тан жароҳати олди.
Вилоят прокуратураси маълумотича, қурбонлар уйларида, кўчада ва дўкон ичида бўлган пайтда зарба берилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, баҳолаш ишлари давом этяпти.
«Тинч аҳолига қарши бундай уринишлар алоҳида ҳолат эмас — бу қасддан, мақсадли амалга оширилаётган тактика. Илтимос, ўзингизни ва яқинларингизни асранг, имкони борича тезроқ эвакуация қилинг», дея мурожаат қилди Вадим Филашкин. Унинг сўзлари Telegram орқали эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, расмий маълумотлар янгиланиши мумкин. Шунингдек, 4 сентябр куни Константиновкадаги шифохона ва яқин Ильиновка қишлоғига ҳаво бомбаларини ташлаш натижасида яна икки фуқаро ҳалок бўлгани ҳақида алоҳида хабар берилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!