Шарқий иқтисодий форум доирасида Россия президенти Владимир Путин муҳим баёнот билан чиқиш қилди. Унга кўра, агар Украина президенти Володимир Зеленский Москвага ташриф буюрса, Россия томони унинг хавфсизлигини тўлиқ кафолатлайди.
«Украина раҳбарияти учрашув хоҳишини билдирмоқда ва бу таклифдан биз хабардормиз. Марҳамат, Москвага келсин, хавфсизлик ва иш шароитлари юз фоиз таъминланади», — деди Путин.
Шу билан бирга, Россия раҳбари Зеленский билан учрашувни бошқа давлатларда ташкил қилиш ҳақидаги таклифларни «ортиқча ва маъносиз» деб баҳолади. «Агар ҳақиқатан ҳам мулоқотга эҳтиёж бўлса, унинг энг яхши манзили – Россия пойтахти, қаҳрамон шаҳар Москва», — дея қўшимча қилди у.
Бироқ Путин мулоқотга очиқлигини билдирган ҳолда, бу учрашувдан ҳозирги пайтда катта маъно кўрмаётганини яширмади. Унинг фикрича, сиёсий ирода пайдо бўлган тақдирда ҳам Украина билан асосий масалалар юзасидан келишувга эришиш осон кечмайди.
Эслатиб ўтамиз, Россия раҳбари Зеленскийни Москвада музокаралар ўтказишга аввал ҳам таклиф қилганди. Бироқ Украина президенти бундай учрашувга тайёр эканини айтса-да, «фақат Москвада эмас», деган позициясини маълум қилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!