Япония сиёсий саҳнасида кутилмаган воқеа содир бўлди – мамлакат бош вазири Сигеру Исиба ўз лавозимидан кетишини расман маълум қилди. Унинг бундай қарор қабул қилиши ҳукмрон Либерал-демократик партиянинг парламент сайловларида мағлубиятга учраганидан кейин кузатилди. Журналистлар таъкидлаганидек, Исиба бундан асосий мақсад сифатида партия ичида бўлинишнинг олдини олишни кўзлаган.
Якшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Исиба Япония АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти билан тузилган келишувни муваффақиятли якунлаганидан кейин кетишга қарор қилганини эътироф этди. Эслатиб ўтиш жоиз, ёзда Трамп Токиога босим ўтказиб, уни 1 августгача савдо битимини имзолашга мажбур қилган, акс ҳолда Япониянинг энг йирик экспорт бозорига 25 фоизлик божларни жорий этиш билан таҳдид қилган эди.
Исиба журналистлар олдида шундай деди:
— Мен доимо лавозимимга маҳкам ёпишиб олмаганимни ва тегишли вақтда қарор қабул қилишимни айтганман. Америка тарифлари бўйича музокаралар муваффақиятли якунланганидан сўнг, айнан шу вақт келди, деб ҳисоблайман. Шу боис кетиш ва йўлни янги авлодга топширишга қарор қилдим.
2024 йил октябрида бош вазир бўлган Исиба аввалги раҳбар Фумио Кисида номзодини қўймасликка қарор қилганидан кейин партия ичидаги сайловларда ғалаба қозонган эди. У ҳукумат раҳбари сифатида инфляцияга қарши чоралар кўриш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва партия ичидаги ислоҳотларни амалга оширишга ваъда берган. Бироқ кўп ўтмай, партия маблағ йиғиш билан боғлиқ можароларга аралашиб қолди.
Июл ойидаги сайловларда Либерал-демократик партия ва унинг коалицияси юқори палатада кўпчиликни йўқотди. Бу партиянинг 70 йиллик тарихида илк маротаба шундай ҳолат кузатилди. Овоз бериш натижасига кўра, ҳукмрон блок 248 ўриндан атиги 47 мандатни қўлга кирита олди.
NHK ва Asahi Shimbun манбаларига кўра, кўплаб япон сиёсатчилари Исибани ўз лавозимини бўшатишга чақирган. Аммо ўтган ҳафтагача у истеъфога чиқиш нияти йўқлигини билдирган эди.
Маълумки, ўнг марказчи Либерал-демократик партия 1955 йилдан буён Японияда деярли узлуксиз ҳокимиятда туриб келмоқда, гарчи раҳбарлар тез-тез алмашиб турган бўлса ҳам. Исибанинг бу қароридан кейин партия ва ҳукуматнинг кейинги қадамлари бутун мамлакат эътиборида турибди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!