date

Россия вертолёти Эстония ҳаво ҳудудини бузиб кирди

Россия вертолёти Эстония ҳаво ҳудудини бузиб кирди

Россияга тегишли Ми-8 ҳарбий вертолёти Финландия кўрфазидаги Вайндло ороли яқинида Эстония ҳаво ҳудудини бузгани маълум қилинди. Эстония армияси қўмондонлиги 8 сентябр, душанба куни Таллинда тарқатган баёнотида қайд этилишича, мазкур ҳодиса 7 сентябр куни тушга яқин содир бўлган.

Маълумотларга кўра, вертолёт Болтиқ денгизи устидаги Эстония ҳаво ҳудудига кириб, тахминан 4 дақиқа давомида қолган ва бу жараёнда ҳаво ҳаракатини назорат қилувчи хизматларни хабардор этмаган. Бу эса қўшни давлатлар ўртасида кескин муносабатларга сабаб бўлди.

Ўз навбатида, Эстония Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг мамлакатдаги муваққат ишлар вакилини чақириб, расмий тарзда норозилик нотасини топширди. Бўлим раҳбари Маргус Цахкна бу ҳолатни «яна бир жиддий ва ачинарли воқеа», шу билан бирга «халқаро ҳуқуқ меъёрларининг очиқдан-очиқ бузилиши» сифатида баҳолади.

Эстония ТИВнинг таъкидлашича, бу ҳолат жорий йилда Россия томонидан амалга оширилган ҳаво ҳудуди бузилишининг учинчи ҳолати ҳисобланади. Хусусан, 13 май ва 22 июн кунлари ҳам шунга ўхшаш воқеалар содир этилган. Шунингдек, август ойи якунида Эстония ҳудудида ҳарбий учувчисиз учоққа тегишли парчалар ҳам топилган эди.

Мутахассислар фикрича, бундай воқеалар Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлган мамлакатлар хавфсизлиги учун жиддий таҳдид ҳисобланади. Бу эса минтақа хавфсизлигида янада кескинлик юзага келтириши мумкин.

Россия вертолётининг Эстония ҳаво ҳудудини бузиб кириши икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада тортишувли ҳолатга олиб келди. Эстония томони бундай хатти-ҳаракатларни қабул қилиб бўлмасликни таъкидламоқда ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирмоқда. Бу эса Европа минтақасидаги сиёсий ва ҳарбий мувозанатга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия вертолёти Эстония ҳаво ҳудудини бузиб кирди