Қатар ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мажид Ал-Ансарининг таъкидлашича, Исроил зарбаларини ҲАМАС сиёсий бюроси аъзолари истиқомат қилаётган турар-жой биноларига қаратган.
«Бу ваҳшийона ҳужум халқаро ҳуқуқ ва меъёрларни очиқдан-очиқ бузиш бўлиб, Қатар фуқаролари ҳамда бу ерда яшовчи резидентларнинг хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда», – дейилган вазирлик баёнотида.
Қатар ҳукумати мазкур амалиётни қаттиқ қоралаб, Исроилнинг минтақада хавфсизликни издан чиқараётган «бепарво қадамлари»га ва Қатар хавфсизлиги ҳамда мустақиллигига қарши йўналтирилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга мутлақо тоқат қилмаслигини билдирди. Расмий маълумотга кўра, ҳолат юзасидан юқори даражада тергов ишлари олиб борилмоқда ва қўшимча тафсилотлар яқин кунларда эълон қилинади.
ҲАМАС манбалари Al-Jazeera орқали маълум қилишича, Доҳада сулҳ таклифини муҳокама қилаётган йиғилишда қатнашган барча амалдорлар Исроил суиқасди уринишидан омон қолган. Хабарларга кўра, зарбалар айнан Трамп таклиф этган келишувни муҳокама қилаётган гуруҳни йўқ қилишга қаратилган.
Исроил ҳукумати эса операция учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олди: «ҲАМАСнинг юқори раҳбарларига қарши зарба мустақил Исроил амалиёти эди. Уни биз бошладик, биз ўтказдик ва унга тўлиқ масъулмиз», – дейилган Бош вазир идораси баёнотида.
Шу билан бирга, АҚШнинг Доҳадаги элчихонаси ўз биноларида хавфсизлик тартибини кучайтирганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 9 сентябр куни тушдан кейин Қатар пойтахтида бир нечта кучли портлаш овозлари эшитилганди. Журналист Барак Равиднинг Исроил расмийларига таяниб берган хабарларига кўра, бу портлашлар ҲАМАС етакчиларига қаратилган суиқасд сифатида амалга оширилган.
Шу тариқа, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари айни пайтда Доҳада ҲАМАС раҳбариятига аниқ зарба берганини эълон қилди. Бу воқеа Яқин Шарқдаги кескинликни янада кучайтиб, минтақадаги сиёсий-ҳарбий вазиятни жиддий мураккаблаштирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!