Германияда учувчилар касаба уюшмаси Vereinigung Cockpit томонидан 900 дан ортиқ учувчи иштирокида ўтказилган сўров хавотирли натижаларни кўрсатди. Тадқиқотга кўра, респондентларнинг 93 фоизи парвоз давомида камида бир марта кокпитда ухлаб қолганини маълум қилган, дея ёзади The Guardian.
Касаба уюшмаси вице-президенти Катарина Дизелдорфнинг сўзларига кўра, муаммо бир марталик қисқа уйқуда эмас, балки доимий чарчоқда. “Кокпит жамоасининг доимий ҳолда чарчаган бўлиши жиддий хавф туғдиради”, — дейди у.
Сўровда қайд этилишича, учувчиларнинг 12 фоизи деярли ҳар сафар ухлаб қолади, 44 фоизи мунтазам равишда шундай қилади, 33 фоизи вақти-вақти билан, 3 фоизи эса фақат бир марта бошидан кечирган. Қолган 7 фоиз эса бу ҳолатнинг қанчалик тез-тез содир бўлишини аниқ айта олмаган.
Касаба уюшмаси бу вазиятни “ташвишли ҳақиқат” деб атаб, уни кадрлар етишмаслиги, ортиб бораётган чарчоқ ва раҳбарият босими билан боғлади. Дизелдорф қўшимча қилишича, “аввал қисқа тикланиш чорасига айланган нарса энди тизимли босимга доимий жавоб бўлиб қолган”.
Уюшма сўров илмий жиҳатдан ваколатли эмаслигини тан олган бўлса-да, натижалар авиакомпаниялар ва масъул идоралар тезкор чоралар кўриши лозим бўлган жиддий муаммони очиб бермоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!