date

БМТ Фаластин масаласида икки давлат ечимини маъқуллади

БМТ Фаластин масаласида икки давлат ечимини маъқуллади

12 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеяси тарихий аҳамиятга эга ҳужжат — Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал этиш ва икки давлат — Исроил ҳамда Фаластинни ташкил қилиш ҳақидаги декларацияни маъқуллади.

Маълумотларга кўра, мазкур декларацияни жами 142 давлат қўллаб-қувватлади. Улар орасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам бор. Шу билан бирга, 10 та давлат, жумладан, АҚШ ва Исроил қарши овоз берди. Яна 12 мамлакат, хусусан Испания, Камерун ва Шимолий Македония бетараф позицияда қолишди.

«Ню-Йорк декларацияси» деб аталган ҳужжатнинг йўл харитаси бир нечта муҳим масалаларни ўз ичига олади. Унга кўра, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинган барча шахсларни озод қилиш, мустақил ва суверен Фаластин давлатини тузиш назарда тутилган. Шунингдек, ҲАМАСни қуролсизлантириш ва ҳокимиятдан четлатиш, Исроил билан араб мамлакатлари ўртасида муносабатларни нормаллаштириш ҳамда хавфсизликка жамоавий кафолатларни таъминлаш масалалари декларацияда қайд этилди.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Дани Данон овоз беришдан аввал бу ҳужжатни «бир томонлама қарор» сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, декларация тарихга тинчлик йўлидаги амалий қадам эмас, балки Ассамблея обрўсига соя солувчи навбатдаги бўш ҳаракат сифатида кириши мумкин.

Шу тариқа, халқаро майдонда Исроил ва Фаластин муаммосини ҳал этиш борасидаги тортишувлар янада қизий бошлади. БМТнинг янги декларацияси эса келажакдаги музокаралар учун асосий нуқталардан бирига айланиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » БМТ Фаластин масаласида икки давлат ечимини маъқуллади