date

TikTok тақдири 17 сентябрда ҳал бўлиши мумкин

TikTok тақдири 17 сентябрда ҳал бўлиши мумкин

АҚШ молия вазири расмий баёнот бериб, Вашингтон Хитой билан TikTokʼнинг Америкадаги операцияларига маҳаллий эгалик қилиш масаласида келишувга эришганини маълум қилди. Вазир Скотт Бессент сўзларига кўра, келишувга президент Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин жума куни имзо қўяди. Бироқ Пекин томони бу маълумотни ҳозирча тасдиқламаган. Агар Хитой рози бўлмаса, 17 сентябрь куни АҚШ ҳудудида платформа тўлиқ блокланиши мумкин.

Трампнинг таъкидлашича, Мадридда ўтган Хитой ва Америка ўртасидаги савдо музокаралари самарали кечган. Унинг фикрича, ёшлар учун муҳим бўлган платформа тақдири юзасидан зарур келишувга эришилган. Шу билан бирга, TikTokʼнинг хитойлик эгаси ўзининг АҚШдаги операциялари учун харидор топиши шарт қилиб қўйилган. Акс ҳолда, иловани мамлакатда тақиқлаш эҳтимоли юқори.

Маълумот учун, АҚШ Олий суди бу йил январь ойида ўтган йил қабул қилинган қонунни тасдиқлаган эди. Унга кўра, агар компания ўзининг Америкадаги операцияларини топширмаса, TikTok бутунлай тақиқланиши мумкин. АҚШ Адлия вазирлиги эса платформа америкалик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига эга бўлиб туришини “миллий хавфсизликка жиддий таҳдид” сифатида баҳолайди.

TikTok раҳбарияти эса бу айбловларни рад этиб келмоқда. Компаниянинг таъкидлашича, уларнинг АҚШдаги операциялари тўлиқ мустақил равишда амал қилади ва Хитой ҳукуматига ҳеч қандай маълумот узатилмайди. Шунингдек, тақиқ қўйилиши 170 миллиондан зиёд америкалик фойдаланувчининг сўз эркинлиги ва маълумотлари ҳимоясини бузиши мумкинлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, блоклаш қонуни кучга киргандан сўнг, Трамп январь ойида масалага шахсан аралашиб, тақиқни 75 кунга кечиктиришга рози бўлганди. Кейинчалик муддат уч марта узайтирилди ва сўнгги сана сифатида 17 сентябрь белгиланди.

Айтиш жоизки, аввалроқ TikTokʼнинг эҳтимолий харидорлари сифатида турли машҳур шахслар тилга олинганди. Улар орасида Tesla асосчиси Илон Маск, машҳур блогер ва бизнесмен MrBeast ҳамда миллиардер инвестор Френк Маккурт номлари қайд этилган.

Энди эса кўзлар 17 сентябрга қаратилган. Шу кунда платформанинг тақдири, ундаги миллионлаб фойдаланувчиларнинг келажаги ҳам аниқланиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » TikTok тақдири 17 сентябрда ҳал бўлиши мумкин