Хитойнинг машҳур стартапи ҳисобланган Xpeng Aeroht компаниясига тегишли икки учар электромобиль 16 сентябрь куни ҳавода юзма-юз тўқнашиб кетди. Бу ҳақда CNN ахборот агентлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, нохуш ҳодиса Чанчун шаҳрида ташкил этилган авиашоулар машқ жараёнида содир бўлган. Дастлабки текширувларга кўра, учар воситалардан бири бошқасига ортиқча яқин келиб қолган ва натижада тўқнашув юз берган.
Вертикал қўниш вақтида транспортлардан бири бутунлай ёнғинга чўмиб кетган. Қизиғи, воқеа “XXI аср йўл-транспорт ҳодисаси” сифатида таърифланмоқда. Омадли томони, ҳодиса давомида ҳеч ким оғир жароҳат олмаган.
Компания расмийлари айни вақтда тўқнашув сабабларини аниқлаш мақсадида махсус текширув ишини бошлаб юборишган.
Бу ҳолат Xpeng Aeroht учун жиддий синовга айланди. Чунки компания 2026 йилдан бошлаб учар электромобилларни катта миқёсда ишлаб чиқариш режасини олдинга қўйган эди. Ҳозирда уларнинг асосий лойиҳаси — “Land Aircraft Carrier” номли модел олдиндан буюртма қилиш учун очиқ бўлиб, унинг нархи тахминан 321 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Шундай қилиб, Чанчунда юз берган тўқнашув нафақат учар технология хавфсизлиги, балки бутун тармоқнинг келажаги ҳақида ҳам саволлар уйғотди. Мутахассислар бундай ҳолатлар келгусида оммавий ишлаб чиқариш режаларига қандай таъсир қилишини синчиклаб кузатишмоқда.