Испаниянинг Уэлва шаҳрида жуда оғир суд жараёни якунланди. Вояга етмаганларга нисбатан зўравонликда айбланган болалар футболи мураббийига нисбатан кескин ҳукм чиқарилди.
Mundo Deportivo ёзишича, мазкур шахс 2023 йилнинг январидан бери ҳибсда сақланаётган эди. Суд қарорига кўра, у 60 йилу 9 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Тергов жараёнида аниқланишича, мураббий ўзининг касбий мавқеидан ва болаларнинг ҳимоясизлигидан фойдаланиб, 21 нафар вояга етмаганга нисбатан жиноий ҳаракат содир этган. Умумий ҳисобда эса у 31 та ҳолат бўйича айбдор сифатида топилди.
Шу билан бирга, қамоқ жазосидан ташқари, унга қатор чекловлар ҳам қўлланилди. Хусусан, маҳкум озодликка чиққанидан сўнг беш йил давомида жабрланувчиларга 200 метрдан яқинлашиши мумкин эмас. Бундан ташқари, умрбод тарзда вояга етмаганлар иштирок этадиган ҳар қандай спорт тадбирларида мураббий ёки инструктор сифатида фаолият юритиши тақиқланди.
Бу ҳукм Испания жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлди ва болалар хавфсизлигини таъминлашда янада қаттиқ назорат зарурлиги ҳақида муҳокамаларни кучайтирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!