The Wall Street Journal нашри хабар беришича, Доналд Трамп маъмурияти Исроилга қарийб 6 миллиард долларлик йирик қурол-яроғ келишувини амалга ошириш учун АҚШ Конгрессидан рухсат сўраган. Бу келишув охирги йиллардаги энг йирик ҳарбий савдолардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Маълумотларга кўра, пакет таркибига қиймати 3,8 миллиард долларга тенг 30 дона AH-64 Apache жанговар вертолётлари ва тахминан 1,9 миллиард долларлик 3250 та пиёда жанговар машинаси киради. Бироқ манбаларнинг таъкидлашича, ушбу жиҳозларнинг барчаси Исроилга дарҳол етказиб берилмайди, балки икки-уч йил давомида босқичма-босқич топширилади.
Нашр кўриб чиққан ҳужжатларда қайд этилишича, қурол-яроғ сотиб олиш АҚШнинг хорижий давлатларга ажратиладиган ҳарбий ёрдам фондлари ҳисобидан молиялаштирилади. Исроил эса ўз навбатида АҚШ қуролларининг катта қисмини ана шу ёрдам орқали, яъни Америка солиқ тўловчилари маблағлари ҳисобига харид қилади.
Ҳозирда АҚШ Давлат департаменти мазкур битимни маъқуллаш учун Вакиллар палатаси ва Сенатнинг ташқи алоқалар қўмиталаридан тўртта етакчи — икки республикачи ва икки демократ арбобнинг розилигини талаб қилмоқда. Оддий тартибга кўра, йирик ҳарбий битимлар аввал қўмита раҳбарлари томонидан тасдиқланади, шундан сўнг маъмурият Конгресс ва жамоатчиликка расмий равишда маълум қилади.
Манбаларнинг маълум қилишича, бу таклиф қўмиталарга тахминан бир ой олдин, 9 сентябрь куни Исроилнинг Қатардаги ҲАМАС етакчиларига қарши ҳаво зарбасидан олдин тақдим этилган. Воқеалар ривожидан кейин эса яна қўшимча сўров юборилган.
Айни пайтда Давлат департаменти ҳам, Исроил Мудофаа вазирлиги ҳам ушбу масала юзасидан ОАВга изоҳ беришдан тийилган. Оқ уй ҳам журналистларнинг расмий саволларига жавоб қайтармаган.
Шу билан бирга, таҳлилчилар фикрича, бу келишув Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш сиёсати янада мустаҳкамланаётганидан далолатдир. Бироқ, АҚШ ичида бу савдо солиқ тўловчилар маблағларидан фойдаланиш масаласида баҳс ва танқидларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!