19 сентябрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп янги ташаббусини эълон қилди — “Trump Gold Card” (“Трамп Олтин Картаси”). Ушбу махсус карта орқали жисмоний шахслар ва корпорациялар қўшма штатларда тезлаштирилган резидентлик ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин бўлади.
Маълумотларга кўра, картанинг бошланғич нархи 1 миллион доллар этиб белгиланган. Корпорациялар учун эса бу миқдор кейинчалик 2 миллион долларгача кўтарилиши кутилмоқда. Трампнинг таъкидлашича, лойиҳа орқали қисқа муддат ичида 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб қилиниши мумкин. Унга кўра, бу маблағ солиқларни қисқартириш, иқтисодий ривожланиш лойиҳаларига сарфланиши ва давлат қарзини қисқартиришга ёрдам бериши лозим.
Карта дизайни ҳам ўзгача: унда президентнинг портрети, Америка рамзлари — бургут, Озодлик ҳайкали ва байроқ олтин фон устида акс этган. Чап қисмида эса “Trump Gold Card” ёзуви туширилган.
“Узоқ йиллар давомида мамлакатимизга миллионлаб ноқонуний муҳожирлар оқиб келди, иммиграция тизимимиз издан чиққан. Энди қонунга риоя қилувчи шахслар ва солиқ тўловчилар ҳам бизнинг қонуний иммиграция дастуримиздан манфаатдор бўлиши вақти келди”, — деб ёзди Трамп ўз баёнотида.
Карта расмий сайтда виза мақомига тенглаштирилган. Шу билан бирга, миллий хавфсизлик ёки бошқа омиллар туфайли уни бекор қилиш имконияти ҳам белгиланган.
Маъмурият шунингдек, “Trump Platinum Card” лойиҳасини ҳам жорий этишни режалаштирмоқда. Бу махсус карта орқали чет элликлар АҚШда йилига 270 кунгача яшаш ҳуқуқига эга бўлади ва АҚШдан ташқаридаги даромадлари учун солиқ тўламайди. Ушбу карта саёҳат визаларини алмаштириши кутилмоқда.
Экспертлар фикрича, бу ташаббус АҚШда иммиграция сиёсатига янги ранг олиб кириши мумкин. Бироқ, лойиҳа жамоатчилик орасида ҳам қатор баҳс ва мунозараларга сабаб бўлиши табиий.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!