Дубай яна бир бор рекордлар пойтахти эканини намойиш этмоқда. 2025 йил ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг энг йирик шаҳрида сайёрадаги энг баланд меҳмонхона — Ciel Dubai Marina ўз эшикларини очиши режалаштирилмоқда.
377 метр баландликда қад ростлаган мосламали иншоот нуфузли Dubai Marina туманида жойлашган бўлиб, амирликнинг янги меъморий тимсолига айланиши кутилмоқда. Унинг баландлиги 356 метрли Шайх Зайд шоссесидаги Gevora меҳмонхонасидан ҳам ошиб, бутун дунёдаги меҳмонхоналар ичида биринчи ўринни эгаллайди.
Меҳмонхона лойиҳаси NORR Group архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Қурилиш ишларини The First Group компанияси ва пудратчи сифатида China Railway 18th Bureau Group of Dubai амалга оширди. Таъкидлаш жоиз, меҳмонхона InterContinental Hotels Group (IHG) таркибидаги Vignette Collection бренди остида The First Group Hospitality томонидан бошқарилади.
Ciel Dubai Marina мижозларга ноёб тажриба тақдим этадиган қатор ўзига хос жиҳатларга эга:
-
Форс кўрфази панорамасини кўрсатувчи 82 қават ва 1004 хона ҳамда апартамент;
-
12 қаватдан иборат атриум-боғ;
-
тахминан 353 метр баландликдаги дунёдаги энг баланд ресторан;
-
306 метр баландликдаги рекордчи сузиш ҳавзаси;
-
саккизта ресторан ва бар;
-
Dubai Marina соҳили, сув таксилари, Dubai Marina Mall савдо маркази, трамвай ва метро бекатларига қулай чиқиш.
Меҳмонхона фақат “энг баланд меҳмонхона” унвони билан чекланиб қолмайди. У шунингдек, дунёдаги энг баланд клуб ва энг баланд сузиш ҳавзаси рекордларига ҳам даъвогарлик қилмоқда. Очилишдан кейин бу натижалар Гиннеснинг рекордлар китоби томонидан расмий тасдиқланиши кутиляпти.
Ciel Dubai Marina нафақат сайёҳлар учун янги жозиба марказига, балки Дубайнинг жаҳон меъморчилигидаги нуфузини янада мустаҳкамловчи рамзий иншоотга айланиши шубҳасиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!