date

Эрдўғон Қуддус масаласида Исроилга қаттиқ жавоб берди

Эрдўғон Қуддус масаласида Исроилга қаттиқ жавоб берди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулда ўтаётган TEKNOFEST тадбиридаги чиқиши давомида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга кескин жавоб қайтарди. Унинг таъкидлашича, қандай босимлар бўлмасин, Туркия ва мусулмон олами Қуддус шарифни ҳимоя қилишдан ҳеч қачон чекинмайди.

Эрдўғон нутқида Қуддус нафақат мусулмонлар учун, балки бутун инсоният учун муқаддас маскан эканини қайд этди. «Биринчи қибламиз бўлган Қуддусга қарши ҳар қандай таҳдид – инсониятнинг шаънига қарши ҳужумдир. Бундай зулм ва тажовузларга қарши жавоб албатта бўлади», – деди Туркия раҳбари.

Унинг бу сўзлари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунунг 15 сентябр куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан баҳсли ҳудуд саналган «Довуд шаҳри» археологик ёдгорлигига ташрифидан кейин айтилди. Нетаняҳу ўшанда Туркия музейларида сақланаётган, милоддан аввалги VIII асрга мансуб қадимий «Силван ёзуви» орқали Қуддус тарихига оид талабларни илгари сурган ва «бу шаҳар абадий бизники» деган баёнот берган эди.

Эрдўғон эса жавобан нафақат 2700 йиллик ёзув, балки Қуддусга тегишли бир тошча ҳам Исроилга қайтарилмаслигини кескин шаклда билдирди. Унинг таъкидлашича, «қўлини 65 минг бегуноҳ мазлумнинг қонига бўяган қотиллар» Қуддус тақдири ҳақида ўзбошимчалик билан ҳукм чиқаришга ҳақли эмас.

Туркия раҳбари Қуддусни мусулмонлар ва инсониятнинг иззати сифатида таърифлаб, бу муқаддас заминга ҳар қандай ҳужум халқаро жамоатчилик қаршилигига дуч келишини урғулади. Эрдўғон бир неча кун аввал ҳам Исроил бош вазирини «Гитлерга ўхшатиб», икки миллиард мусулмоннинг умумий мероси бўлган Қуддус ҳеч қачон ҳимоясиз қолмаслигини таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Исроил 1967 йилги олти кунлик урушдан кейин Шарқий Қуддусни босиб олган ва уни ўзининг ажралмас пойтахти сифатида кўрсатмоқда. Халқаро битимларга кўра эса, Шарқий Қуддус мустақил Фаластин давлатининг пойтахти бўлиши керак. Сўнгги йилларда Исроилнинг Ал-Ақсо масжидига ва бошқа муқаддас қадамжоларга нисбатан тажовузкор ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланиб келмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўғон Қуддус масаласида Исроилга қаттиқ жавоб берди