Collins Aerospace компаниясига қаратилган киберҳужум Европа авиациясида катта муаммоларни келтириб чиқарди. Reuters хабар беришича, бутун дунёдаги йирик авиакомпанияларга хизмат кўрсатадиган ушбу корпорация техник носозликка дуч келди.
Муаммолар, аввало, электрон рўйхатга олиш ва юк топшириш тизимларида қайд этилган. Heathrow аэропорти бу вазият парвозлар кечикишига сабаб бўлиши мумкинлигини расман маълум қилди.
Brussels Airport ва Berlin Airport эса ҳужумдан жабрлангани ҳақида алоҳида баёнот берди. Бельгия пойтахтидаги аэропортда ҳодиса жума куни кечаси рўй берган ва автоматлаштирилган тизимлар ишдан чиққан. Ҳозирда йўловчилар фақат қўлда рўйхатга олинмоқда.
“Бу ҳолат парвозлар жадвалига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Ачинарлиси, кечикишлар ва бекор қилинган рейслар сони ортиб бормоқда”, — дейилади аэропорт баёнотида. Айни вақтга қадар камида 10 та рейс бекор қилинган, қолган учишлар эса ўртача бир соат кечикмоқда.
Berlin Airport расмий сайтида навбатларнинг узунлиги ва йўловчиларнинг сабр-тоқати синовдан ўтаётгани ёзилди. Муаммоларни бартараф этиш учун техник хизматлар жадал иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, Германиянинг энг йирик ҳаво йўли маркази — Frankfurt Airport ҳужумдан жабрланмагани маълум қилинди.
Йўловчилар эса вазиятдан қаттиқ норози. Берлинлик Ким Райзен шундай деди: “Бизга фақат техник носозлик дейишди, аммо батафсил маълумот беришмади”. Зигфрид Шварц эса хавотирини яширмади: “Бугунги технологиялар асрида бундай ҳужумдан ҳимояланишнинг иложи йўқлиги ақлга сиғмайди”.
Collins Aerospace’нинг модар компанияси RTX баёнот билан чиқиб, бузилишлар ҳақиқатдан ҳам айрим аэропортларда содир бўлганини тасдиқлади. Уларга кўра, ҳозирча муаммо фақат рўйхатга олиш ва юк топшириш жараёнларига таъсир қилган. Компания муаммони вақтинча қўлда амалга ошириладиган жараёнлар орқали ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Шу билан бирга, йирик авиакомпаниялардан бири EasyJet ўз рейслари одатдаги тартибда амалга оширилаётганини ва ҳозирча бу ҳодиса парвозларга таъсир кўрсатмаганини маълум қилди.
Европа авиация соҳасидаги ушбу киберҳужум мутахассисларни жиддий ташвишга солди. Чунки бундай ҳужумлар нафақат техник, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам жиддий хатарларни ўз ичига олади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!