Яқин Шарқда вазият янада мураккаб тус олмоқда. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг маълум қилишича, Миср томони Синай яриморолида ҳарбий қудратни кескин оширган ва бу 1979 йилда имзоланган тарихий тинчлик шартномасига зид ҳолат сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда Axios нашри хабар берди.
Нетаняҳу баёнотига кўра, Қоҳира ҳеч қандай изоҳ бермасдан Ғазо ҳудудига яқин минтақада авиабазаларни кенгайтириш, ер ости иншоотларини барпо этиш ҳамда қўшинлар сонини кўпайтиришга киришган. Унга кўра, бундай ҳаракатлар минтақадаги мувозанатга путур етказиши мумкин.
Миср эса ўз навбатида бундай айбловларни рад этиб, барча ҳаракатлар миллий хавфсизлик доирасида амалга оширилаётганини таъкидламоқда. Қоҳиранинг асосий хавотири – Ғазо аҳолиси Исроилнинг ҳарбий амалиётлари ортидан Синай яриморолига оммавий қочқин сифатида кириб келиш эҳтимоли.
Исроил эса аксинча, Мисрни айнан қочқинлар учун йўлни тўсишда ва Ғазодан чиқиш имкониятларини чеклашда айблаяпти. Нетаняҳунинг фикрича, Қоҳиранинг ҳаракатлари нафақат минтақадаги вазиятни мураккаблаштиради, балки Исроил ва Миср ўртасидаги тарихий тинчлик келишувига ҳам сўроқ белгиси қўяди.
Маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар етарли самара бермаган. Шундан сўнг Исроил АҚШга мурожаат қилиб, Вашингтондан Мисрга босим ўтказишни сўраган.
Миср эса ўз позициясида қатъий қолиб, ҳеч қандай қоидабузарликка йўл қўйилмаганини урғу билан таъкидламоқда.
Муттахассисларнинг таъкидлашича, агар кескинлик шундай давом этса, минтақадаги ноёб тинчлик шартномаси хавф остида қолиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!