date

Толибон Трампга жавоб берди: Афғонистон ички ишларига аралашманг

Толибон Трампга жавоб берди: Афғонистон ички ишларига аралашманг

Афғонистонда ҳозир ҳукмронлик қилаётган «Толибон» ҳаракати вакили Забиҳулло Мужоҳид АҚШ президенти Доналд Трампнинг Багром авиабазасини қайтариш ҳақидаги талабига муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳеч қандай шартда ўз ҳудудидан воз кечмайди ва мамлакатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўймайди.

Маълумки, Багром авиабазаси Америка ҳарбийлари учун Афғонистондаги энг йирик стратегик нуқта ҳисобланган ва улар бу ерни 2021 йилда тарк этган эди. «Толибон» эслатишича, Доҳада имзоланган келишув доирасида Қўшма Штатлар «Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид қилмаслик ва ички ишларига аралашмаслик» мажбуриятини олган. Шунинг учун, улар ўз ваъдаларини бажаришлари шарт.

Забиҳулло Мужоҳид баёнотида, Афғонистон барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ва конструктив алоқалар ўрнатишга интилаётгани, АҚШ эса ўтмишдаги хатоларни такрорламасдан, рационал ва прагматик сиёсат юритиши лозимлигини таъкидлади.

Мавзу юзасидан мамлакат Мудофаа вазирлиги штаби раҳбари Фасиҳуддин Фитрат ҳам чиқиш қилди. Унинг фикрича, «базани қайтариш» масаласи сиёсий келишув орқали амалга оширилиши мумкин эмас. «Афғонистоннинг бир қарич ери ҳам савдо объекти эмас, бизга бундай битимнинг ҳожати йўқ», деди у.

Politico нашри ёзишича, ҳозирча АҚШ расмийлари Афғонистон билан Багром базаси ҳақида қандайдир очиқ музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълумот йўқ. Аммо вазият Трампнинг кескин баёнотларидан сўнг яна ҳам долзарб тус олди.

Эслатиб ўтамиз, Трамп аввалроқ ўзининг Truth Social тармоғида «Агар Афғонистон АҚШ қурган Багром базасини қайтармаса, ёмон оқибатлар бўлади», дея оғир огоҳлантирув берган эди. У, шунингдек, Жо Байден маъмуриятини авиабазани толибларга топшириб, Хитойга минтақа устидан таъсир ўтказиш имкониятини берганликда айблади.

2021 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, «Толибон» қисқа муддат ичида мамлакатда тўлиқ ҳокимиятни қўлга киритган эди. Ҳозир эса Багром масаласи Вашингтон ва Қобул муносабатларида яна янги тортишув нуқтасига айланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Толибон Трампга жавоб берди: Афғонистон ички ишларига аралашманг