date

Путин Байден собиқ ёрдамчисига Россия фуқаролигини расман тақдим этди


Путин Байден собиқ ёрдамчисига Россия фуқаролигини расман тақдим этди

Россия раҳбари Владимир Путиннинг янги фармони сиёсий майдонда жиддий баҳсларга сабаб бўлди. Унга кўра, АҚШ собиқ президенти Жо Байденнинг собиқ ёрдамчиси Тара Рид энди расман Россия фуқароси ҳисобланади. Бу ҳақда Кремль сайти орқали маълум қилинди, деб ёзди РБК.

Тара Риднинг номи биринчи марта 1990-йилларда, Жо Байден ҳали сенатор бўлган пайтларда тилга олинган. У ўша даврда Байден офисида ёрдамчи лавозимида ишлаб келган. Бироқ, орадан ўнлаб йиллар ўтиб, Рид 2020 йилда Америка сиёсатини ларзага солган баёнот билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, сенаторлик фаолияти даврида Байден томонидан унга нисбатан зўравонлик содир этилган.

Бу айбловлар Жо Байден президентликка номзодини қўйган паллага тўғри келди ва АҚШ жамоатчилигида катта шов-шув уйғотди. Бироқ Байден штаби тезкор равишда бу баёнотларни рад этди ва унга нисбатан ҳеч қандай расмий тергов ёки айблов қўйилмади. Шунингдек, суд ҳужжатларида ҳам Риднинг баёноти расман тасдиқланмади.

2023 йилда эса Тара Риднинг ҳаёти кескин ўзгарди. У АҚШда ўзини хавфсиз ҳис қилмагани ва таҳдидларга дуч келаётганини айтиб, Россияга кўчиб ўтди. Москвада яшай бошлаганидан кейин у RT телеканали билан ҳамкорлик қилиб, давлатга яқин оммавий ахборот майдонида фаол кўрина бошлади.

Маълумот учун, Россия қонунчилигига кўра, фуқароликка қабул қилиниши учун номзод одатда мамлакатда камида беш йил қонуний яшаши лозим. Бироқ айрим ҳолларда Президент шахсан қарор қабул қилиши орқали ушбу муддат талаб этилмайди. Путиннинг бу галги қарори ҳам ана шундай алоҳида ҳолат сифатида баҳоланмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Тара Риднинг Россия фуқаролигини қабул қилиши икки давлат ўртасидаги сиёсий тортишувлар фонида яна бир рамзий қадам сифатида кўрилиши мумкин. Чунки у нафақат АҚШ сиёсий элитасига қарши чиқишлари билан танилган, балки Москва расмийларининг сиёсий ривожлантириш йўналишига мос келадиган шахс сифатида ҳам эътибор қўзғамоқда.

Шу тариқа, Тара Риднинг шахсий ҳаётидаги бурилиш нафақат унинг тақдирини, балки геосиёсий манзарадаги баҳсларни ҳам янада қизитиши аниқ.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин Байден собиқ ёрдамчисига Россия фуқаролигини расман тақдим этди