Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан айтилган, ҳомиладорлик даврида аёлларнинг парацетамол истеъмол қилиши ва болаларни эмлаш аутизмни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақидаги фикрларни рад этди. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар тарқатди.
ЖССТ вакили Ториқ Яшаревичнинг таъкидлашича, ҳомиладорлик пайтида парацетамол қабул қилиш ва аутизм ўртасидаги боғлиқлик илмий жиҳатдан ҳануз зиддиятли ҳолда қолмоқда. Бироқ у шуни алоҳида урғуладики, вакциналар ҳаётни сақлаб қолувчи муҳим восита ҳисобланади ва уларнинг қийматини ҳеч қандай шубҳа остига қўйиш мумкин эмас.
«Далиллар бир-бирига зид бўлиб турибди», — деди ЖССТ вакили Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида. У парацетамол ва аутизм ўртасидаги эҳтимолий боғлиқлик ҳақида берилган саволга жавоб қайтарди. Шу билан бирга, Яшаревич вакциналар ҳеч қандай ҳолда аутизмни қўзғатмаслигини қатъий таъкидлади.
«Юқорида таъкидлаганимдек, вакциналар миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Бу фан томонидан илмий асосланган ҳолат ва уни шубҳа остига қўйиш мутлақо нотўғри», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрел ойида АҚШ соғлиқни сақлаш вазири кенжа Роберт Кеннеди сентябр ойига қадар аутизмнинг сабабларини аниқлашга ваъда берган эди.
22 сентябр куни Доналд Трамп бу тадқиқот натижаларини эълон қилиб, ҳомиладор аёллар парацетамолдан воз кечиши кераклигини, чунки бу ҳолат болаларда аутизм пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, Кеннеди аутизм ташхиси қўйилган беморларнинг аҳволини калций фолинат моддаси ёрдамида енгиллаштириш мумкинлигини қўшимча қилди.
Шу тариқа, ЖССТнинг кескин раддияси Трамп ва унинг маъмуриятининг баҳсли баёнотлари ортидан яна бир бор жамоатчиликда қизғин тортишувларни келтириб чиқарди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!