SABAH нашри тарқатган маълумотларга кўра, 2024 йил август ойида Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида ёш йигит қўлига пичоқ ва болта олиб, ҳужумга қарши шлем кийган ҳолда кафеда ўтирган тасодифий одамларга ташланди. Энг даҳшатлиси, у жилетига маҳкамланган мобил телефон орқали ижтимоий тармоқларда воқеани жонли эфирда намойиш этди.
Унинг шафқатсиз ҳужуми оқибатида 52 ёшдан 88 ёшгача бўлган беш киши турли жароҳатлар олди. Бу ҳолат мамлакат оммавий ахборот воситаларида катта шов-шувга сабаб бўлди.
Суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Прокуратура айбланувчи Арда Кючюкйетимни кексаларни қасддан нишонга олганликда, қотилликка суиқасд ва одамларни хавф остига қўйишда айблади. Дастлаб у 108 йилга қамоққа ҳукм этилиши сўралган.
Бироқ Эскишеҳир оғир жиноят ишлари суди чиқарган якуний қарорга кўра, Арда Кючюкйетим 75 йил 5 ойлик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Туркия матбуоти ёш йигитнинг ҳаракатлари ва унинг PUBG компьютер ўйинидан илҳомлангани ўртасида боғлиқлик мавжудлигини алоҳида таъкидлади. Бу ҳолат замонавий технология ва виртуал ўйинларнинг ёшлар онгига салбий таъсири ҳақидаги баҳсларни янада кучайтирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!