date

Илoн Маск 2055 йилга қадар Марсда мустақил шаҳар қуришни режалаштирмоқда

Илoн Маск 2055 йилга қадар Марсда мустақил шаҳар қуришни режалаштирмоқда

SpaceX асосчиси ва бош директори Илoн Маскнинг фикрича, агар оғир ракета ташувчилар соҳасида муҳим ютуқлар қўлга киритилса, инсоният 2055 йилга бориб Қизил сайёрада барқарор ва ўзини ўзи таъминлайдиган колония ташкил этиши мумкин.

Унинг таъкидлашича, буни 30 йил ичида амалга ошириш имкони бор. Бунда асосий омил сифатида ҳар икки йилда бир очиладиган Марсга парвозлардан самарали фойдаланиб, у ерга етказиб бериш мумкин бўлган тоннажни экспоненциал тарзда кўпайтириш керак бўлади.

Маскнинг қайд этишича, тоннаж кўламини ошириш катта аҳамиятга эга, чунки Марсдаги истиқомат пункти турли хил моддалар ва ресурсларга эҳтиёж сезади — турар жой модуллари, робот ёрдамчилари, озиқ-овқат етиштириш тизимлари, атмосферадан ёнилғи ажратиб олиш технологиялари, шунингдек микрочиплар, компьютерлар ва ракеталарни ишлаб чиқариш учун зарур материаллар. Унинг фикрича, ҳақиқий мустақиллик учун “цивилизациянинг барча таркибий қисмлари” жойлаштирилиши шарт.

Келгусида тўлиқ қайта ишлатилиши мумкин бўлган Starship V3 транспорт тизими айнан шу вазифаларни бажариш учун ишлаб чиқилмоқда. У 100 тоннадан зиёд юкни орбитага олиб чиқиш қобилиятига эга бўлади. Бу кўрсаткич ҳозирда фақат қисман қайта фойдаланиш мумкин бўлган Falcon Heavy имкониятларидан тахминан 2,5 баравар кўпдир. Айни вақтда Falcon Heavy ва Falcon 9 ракеталарида юқори босқич фақат бир марталик ҳисобланади. Super Heavy ва Ship (Starship’нинг юқори босқичи) эса тўлиқ қайта фойдаланиш учун мўлжалланган.

Маскнинг маълум қилишича, Starship V3 ракета тизими тахминан 124,4 метр баландликка эга бўлади. Солиштириш учун, Starship V2 версияси 121 метрни ташкил этади. Ушбу учинчи авлод тизими Марсга парвоз қила оладиган биринчи тўлиқ модификация сифатида ишга туширилади. SpaceX келгуси йил бошида Starship V3 ёрдамида Марсга илк учувчисиз миссияларни йўллашни режалаштирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Илoн Маск 2055 йилга қадар Марсда мустақил шаҳар қуришни режалаштирмоқда