date

Тўқаев: Иқлим саммитлари катта кўламли фирибгарликка ўхшайди

Тўқаев: Иқлим саммитлари катта кўламли фирибгарликка ўхшайди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 26 сентябрь куни бўлиб ўтган Фан ва технологиялар бўйича миллий кенгаш йиғилишида нутқ сўзлаб, илм-фан ва замонавий технологияларнинг ҳар бир давлат учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг айтишича, глобал иқлим саммитларидаги вазиятлар кўп жиҳатдан кенг кўламли фирибгарликни эслатади.

Давлат раҳбари мисол сифатида Дубай ва Бокуда ўтказилган йирик саммитларда иштирок этганини эслатиб, ўз таассуротлари ҳақида сўз юритди. «Мен ўтган йиғинларда кузатган ҳолатларимни ҳамкасбларим ва ҳукумат вакиллари билан баҳам кўрганимда, содир бўлаётган жараёнлар кўпроқ оммавий фирибгарлик каби кўринди. Бу фикрларимни бош вазир Ўлжас Бектенов ҳам тасдиқлай олади», деди Тўқаев. У шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам яқинда БМТ минбаридан худди шундай фикр билдирганини эслатди: «Иқлим ўзгариши — дунёдаги энг катта фирибгарликдир».

Шундан сўнг Қозоғистон расмий тарзда 35 йил ичида тўлиқ декарбонизация дастурини амалга ошириш режаларини эълон қилгани қайд этилди. Тўқаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда мамлакатда йиллик 118 миллиард киловатт энергия ишлаб чиқарилмоқда. Бироқ бу кўрсаткич етарли эмас, чунки рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари тараққиёти билан энергияга талаб тобора ортиб боради.

Президент, шунингдек, энергия манбаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Айниқса, кўмир масаласига алоҳида тўхталиб, Қозоғистон йилига 113 миллион тоннадан ортиқ кўмир қазиб олишини ва бу кўрсаткич бўйича дунёдаги етакчи ўнта мамлакат қаторида турганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам иқлим инқирозини «енг катта фирибгарлик» сифатида баҳолаган эди. Унинг таъкидлашича, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қилинган башоратларнинг кўпчилиги нотўғри чиқди ва бундай сиёсат кўплаб мамлакатларга иқтисодий йўқотишлар келтирган. «Агар сиз бу «яшил фирибгарликдан» воз кечмасангиз, мамлакатингиз ютқазади», деган эди Оқ уй раҳбари.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тўқаев: Иқлим саммитлари катта кўламли фирибгарликка ўхшайди