date

Теҳрон ва Москва 25 миллиард долларлик атом блоклари қуришига келишди

Теҳрон ва Москва 25 миллиард долларлик атом блоклари қуришига келишди

Эрон пойтахтида атом энергетикаси соҳаси бўйича йирик келишув имзоланди. Теҳрон ва Москва янги ядровий электр станциялари блокларини қуриш ҳақида шартнома тузди. Қизиғи шундаки, ҳужжат БМТнинг Ислом Республикасига қарши санкциялари қайта кучга кириши мумкин бўлган муддат тугашидан атиги бир кун олдин қабул қилинди. Бу ҳақда Эрон Атом энергияси ташкилоти (ЭАЭТ) маълумот тарқатди.

Келишув Эроннинг Iran Hormoz компанияси ҳамда Россиянинг «Росатом» корпорацияси таркибидаги «Русатом Энерджи Проджектс» қўшма корхонаси ўртасида тузилди. AFP агентлиги тарқатган маълумотга кўра, шартнома умумий қиймати 25 миллиард доллар (21 миллиард евро) атрофида баҳоланмоқда.

Лойиҳа доирасида ҳар бири 1255 мегаватт қувватга эга бўлган тўртта замонавий учинчи авлод энергоблоклари қурилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида станциянинг умумий қуввати 5020 мегаваттни ташкил этади.

Маълумотларга кўра, атом блоклари Эрон жанубидаги Сирик порти ҳудудида, Хормозган вилоятида 500 гектар майдонда барпо этилади. ЭАЭТнинг маълум қилишича, объект жойлашадиган майдон аллақачон танлаб олинган, муҳандислик ҳамда экологик изланишлар тўлиқ якунланган.

Шу пайтгача «Росатом» расмийлари бу келишув юзасидан изоҳ бермади. Бироқ ҳужжатнинг қабул қилиниши Эрон ва Россиянинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши, шу билан бирга халқаро майдонда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиши кутилмоқда.

Энергия таъминоти ва ядровий инфратузилмадаги бу каби катта қадам нафақат Эроннинг ички эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади, балки минтақадаги геосиёсий мувозанатга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Теҳрон ва Москва 25 миллиард долларлик атом блоклари қуришига келишди