Россия армиясида ҳайратланарли қарорлардан бири муҳокама қилинмоқда – ҳужум отрядларини яна отларга ўтказиш эҳтимоли бор. «Коммерсант» нашри ёзишича, аввал ҳам айрим ҳолатларда отлардан фойдаланилган, аммо бу жуда кам учрарди. Энди эса Россия қўшинлари «тўлақонли отлиқ қўшинни қайта тиклаш» ғоясини синамоқда.
Маълумотларга кўра, «Шторм» махсус отрядлари жангчилари от минишни ўргана бошлаган. Командирнинг RT телеканалига айтишича, от ўз инстинктлари туфайли минани босиб олиш эҳтимоли одамга қараганда анча кам. Шунингдек, қоронғуда отлар йўлни яхшироқ ҳис қилади.
Тактиканинг ўзи ҳам қизиқ: битта отда икки киши бўлади — бири отни бошқарса, иккинчиси қурол билан ҳужумга тайёр туради. Тўғридан-тўғри жанг бошланганда эса улар отдан тушиб, пиёда курашади. Отлар йўлсиз ҳудудларда тез ва махфий ҳаракатланиши мумкин. Шунингдек, улар темирдан тайёрланмагани учун магнит миналарини ишга тушириш хавфи анча паст.
Бироқ бундай услубнинг мураккаб жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Отларни ўргатиш, боқиш ва уларни сақлаш қийин. Шу билан бирга, юк кўтариш қобилияти техник воситаларга нисбатан жуда паст. Шу сабабли, отларни жанг майдонида кенг кўламда қўллаш имконияти шубҳали, деб хулоса қилади «Коммерсант».
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, отларни жангга қайтаришга уриниш кўпроқ рамзий маънога эга. Замонавий технологиялар баъзан заифлик кўрсатганда, армиялар яна анъанавий воситаларга мурожаат қилмоқда: масалан, телефон кабеллари ёки юк ташувчи ҳайвонлардан фойдаланиш.
Аввалроқ россиялик ҳарбийлар фронтда электр самокатлар ва йўлсиз ҳудудларда ҳаракатлана оладиган кичик воситалардан ҳам фойдалангани ҳақида маълумот берилган эди. Бу эса пиёдаларга қарши миналар хавфини қисман камайтирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!