date

Ҳиндистон шифохонасида ёнғин чиқиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистон шифохонасида ёнғин чиқиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида жойлашган Sawai Man Singh (SMS) шифохонасида 5 октябрь куни кечқурун ёнғин юз берди. The Hindustan Times маълумотига кўра, фожеа натижасида 9 киши ҳалок бўлган, яна бир неча бемор оғир аҳволда шифохонага жойлаштирилган.

Ёнғин соат 23:20 да шифохонанинг нейрореанимация бўлимида келиб чиққан. У қоғоз ҳужжатлар, тиббий асбоб-ускуналар ва қон намуналари сақланадиган хонадан бошланган. Расмийлар тахмин қилишича, сабаб электр симларидаги қисқа туташув бўлган.

Ҳодиса пайтида бўлимда 11 бемор бўлган, қўшни палаталарда эса яна 13 киши бор эди. Ўт ўчирувчилар етганда бутун бўлимни қаттиқ тутун қоплаган, бу эса эвакуацияни қийинлаштирган. “Биз бинога қарама-қарши томондан деразаларни синдириб, сув пуркашга мажбур бўлдик”, — деди қутқарувчи хизмат ходими.

Оловни ўчириш қарийб бир ярим соат давом этган. Беморлар ётоқлари билан бирга эвакуация қилинган ва вақтинча шифохона ташқарисига чиқарилган.

Ҳиндистонда бу каби ҳодисалар сўнгги йилларда кўпаймоқда. Январь ойида ҳам мамлакатдаги турар жой биноларидан бирида ёнғин чиқиб, 17 киши ҳалок бўлган эди. Ҳукумат қурбонлар оилаларига моддий ёрдам кўрсатган.

Мутахассислар фикрича, бу фожеалар Ҳиндистондаги кўплаб шифохоналарда хавфсизлик тизимлари етарли даражада таъминланмаганини кўрсатмоқда. Улар электр тармоқларини янгилаш ва ёнғинга қарши тизимни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон шифохонасида ёнғин чиқиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди