date
Add

Австралиялик “руҳшунос”нинг сирли бизнеси...

Австралиялик “руҳшунос”нинг сирли бизнеси...

Австралиянинг Нью-Саут-Уэлс штатида 41 ёшли аёл — Мария Уильямс “руҳий покланиш” ва “энергияни тиклаш” хизматларини таклиф қилиб, одамлардан минглаб доллар пул олгани учун ҳибсга олинди.

У ўзини “руҳшунос” ва “ёмон энергиялардан тозаловчи” деб таништирган. Telegram ва Facebook орқали мижозларга мурожаат қилиб, уларга “омад йўлларини очиш”, “касалликдан соғайиш” каби ваъдалар берган.

Бир неча ой ичида Мариянинг “руҳий сеанслари” ҳақиқий бизнесга айланган: ҳар бир мижоздан 500 доллардан 5 минг долларгача ҳақ олинган. Аммо полиция маълумотларига кўра, у на сертификатга, на психологик маълумот-малакага эга бўлган.

Тергов натижаларида айтилишича, Мария одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, уларни “руҳини тозалаш” амалиёти билан алдаган ва пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаган. Суд уни гаров эвазига озод қилишни иккинчи марта ҳам рад этди.

Руҳий хизматми ёки хатарли ишонч?

Бундай ҳолатлар нафақат Австралияда, балки бутун дунёда кўпайиб бормоқда. Интернет орқали ўзини “энергия мутахассиси”, “аура тозаловчи” ёки “кармани тўғрилайдиган коуч” деб таништирадиганлар кўпайди. Улар инсоннинг руҳий ҳолатидан, стрессидан, хавотиридан фойдаланиб, уни молиявий қулга айлантиради.

Бундай фаолиятда энг катта қурбон — ишонган инсоннинг ўзи. Айниқса аёллар, ҳаётида муаммо ёки руҳий изтироб бўлган даврда, “сеанс” орқали таскин топишга интилади. Аммо кўп ҳолларда бундай “руҳшунослар”нинг қурбонига, ўлжасига айланишади.

Савол туғилади: бизда ҳам шундай “психогенетик”лар, “аура тозаловчи”лар кўпайиб кетгани сир эмас. Илмий асоссиз хизматлар орқали одамларнинг руҳияти билан ўйнашиш хавфини ҳамма билади. Соҳани қонун билан тартиблаш вақти келгани анчадан бери кун тартибида турибди. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам “генни тозалаш”, “қалбшунослик” бизнеслари гуллаб-яшнамоқда.

Худди шундай иллюзион ғоялар билан тарғибот олиб борган ва одамлар миясини “прошивка” қилишни ваъда бериб 30-40 минг долларлаб пулларини олган “Gold terapi” клиникаси кирдикорлари фош бўлган ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди. Бу каби “терапия”лар кўпаймоқда, уларга нисбатан чораларнинг заифлиги бу фаолиятнинг гуркирашига сабаблардан бири дейиш мумкин.


Манба: Kun.uz

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Австралиялик “руҳшунос”нинг сирли бизнеси...