Россия президенти Владимир Путиннинг таваллуд кунига тўғри келиб, бир қатор ОАВ унинг эҳтимолий ўғилларига оид исмлар ва фотосуратларни ошкор этди. Кеча 73 ёшни қарши олган давлат раҳбари ҳақида янги маълумотлар журналистлар Роман Баданин ва Михаил Рубиннинг «Шоҳ(цар)нинг ўзи» номли китоби орқали жамоатчиликка тақдим этилди, деб ёзади «Агентство».
Нашр маълумотларига кўра, Путин ва собиқ гимнастикачи Алина Кабаеванинг Иван ва Владимир исмли икки ўғли бор, расмий ҳужжатларда эса улар Спиридонов фамилияси билан қайд этилган — бу тахминан президентнинг бобоси Владимир Спиридонович Путин номи билан боғланади. Иддаоларга кўра, болалар ошкораликдан йироқ тарзда яшайди, кўп вақтини Валдайдаги президент қароргоҳида ўтказади. Улар учун алоҳида сарой, дам олиш мажмуаси, сайр боғи барпо этилгани, ҳар бирига шахсий машина-ҳайдовчи ва президент қўриқлаш хизмати ходимлари бириктирилгани айтилмоқда.
Муаллифлар таъкидлашича, Путиннинг турли фамилиялардан фойдаланадиган бошқа фарзандлари ҳам тилга олинади: биринчи никоҳидан қизлари — Тихонова ва Воронцова, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида Розова номи билан машҳур бўлган никоҳсиз қизи. ОАВ маълумотларига кўра, у бир муддат Францияда Элизавета Руднова номи билан яшаб, Париждаги галереяда ишлаган.
Расмий манбалар эса ҳозирча фақат икки нафар қизнинг мавжудлигини тан олиб келади; Кремл томонидан янги даъволар юзасидан расмий тасдиқ ёки изоҳ берилмаган. Шу боис ушбу маълумотлар айни пайтда журналистик суриштирувлар ва манбалар баёнотига таянади, мустақил тарзда тўлиқ текширилмаганини эслатиб ўтамиз.
Президентнинг таваллуд куни арафасида эълон қилинган китоб ва фотолар Россия оммавий муҳокамасида янги тўлқин кўтарди: шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва жамоат манфаати ўртасидаги мувозанат, шунингдек, мамлакат етакчисининг оилавий ҳаётига доир саволлар яна кун тартибига чиқди. Қандай бўлмасин, расмий баёнотлар пайдо бўлмас экан, мавзудаги ҳар қандай маълумотга танқидий ёндашув сақланиши мақсадга мувофиқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!