Словакияда бош вазир Роберт Фицога суиқасд уюштиришда айбланаётган 72 ёшли ёзувчи Юрай Цинтулага нисбатан ҳукм 21 октябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Pravda нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, чоршанба куни Банска-Бистрица шаҳридаги жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган судда иш бўйича якуний гувоҳликлар тингланди. Судда аввал бош вазирнинг вакили — адвокат Давид Линдтнер сўзга чиқиб, ҳужум сиёсий сабабларга асосланганини таъкидлади. Фицонинг ўзи эса суд жараёнида иштирок этмаётгани ва уни кузатмаётганини билдирган.
Цинтуланинг адвокати эса ҳимоя нутқида айблов томони келтирган фикрларга эътироз билдирди. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида баҳолаш нотўғри, чунки айбланувчи жабрланувчини ўлдириш ниятида бўлмаган, фақат уни яралашни мақсад қилган.
Адвокат шунингдек, мижозининг давлат тўнтариши уюштириш нияти йўқлигини таъкидлаб, суддан кекса ёшдаги инсон учун адолатли ҳукм чиқаришни сўради.
Эслатиб ўтамиз, суиқасд 2024 йил 15 май куни содир бўлган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!