date

АҚШдаги ҳарбий заводда кучли портлаш: 18 киши бедарак...

АҚШдаги ҳарбий заводда кучли портлаш: 18 киши бедарак...

10 октябрь, жума куни АҚШнинг Теннесси штатида жойлашган Accurate Energetic Systems (AES) корхонасида кучли портлаш содир бўлди. Маҳаллий маъмуриятнинг маълумот беришича, ҳодиса натижасида камида тўрт киши касалхонага ётқизилган, яна 18 нафар ишчи билан алоқа узилган.

Хамфри округи шерифи Крис Девис журналистлар билан суҳбатда айтишича, портлашда “бир неча киши ҳалок бўлган”, аммо аниқ сони ҳали расман маълум қилинмаган. Fox News эса ўз манбаларига таяниб, “бир нечта қурбонлар” борлигини хабар қилди.

Портлаш содир бўлган завод Нэшвилл шаҳридан тахминан 80 километр узоқликда жойлашган. Ҳодиса жойига фавқулодда хизматлар, қутқарувчилар ҳамда мина йўқотиш бўйича мутахассислар жалб этилган. Шериф Девиснинг айтишича, ҳали ҳам иккинчи портлаш эҳтимоли бор ва тергов ишлари бир неча кун давом этиши мумкин.
“Биз бу ерда узоқ бўламиз, вазиятни тўлиқ назоратга олишимиз керак,” — деди у журналистларга.

Ҳозирча портлаш сабаби аниқланмаган. Аммо расмийлар Accurate Energetic Systems заводи мудофаа соҳаси учун портловчи моддалар ишлаб чиқаришга ихтисослашганини маълум қилишган.

1980 йилда ташкил этилган бу компания ҳарбий ва тижорат мақсадларида қўлланадиган турли моддаларни ишлаб чиқаради. The Washington Post нашри ёзишича, AES узоқ йиллар давомида АҚШ армиясига порох, динамит, пиёдаларга қарши миналар ва йирик калибрли снарядлар учун компонентлар етказиб бериб келган.

Бу заводдаги илк фожиа эмас. 2014 йилда ҳам шундай портлаш юз берган, ўшанда бир киши ҳалок бўлиб, уч киши жароҳат олган эди.

Ҳозирда ҳодиса жойи ўраб олинган, тергов ва техник текширув ишлари давом этмоқда. АҚШ расмийлари фуқароларни вазият барқарорлашгунигача ҳудуддан узоқроқда бўлишга чақирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШдаги ҳарбий заводда кучли портлаш: 18 киши бедарак...