date

Трампнинг танқидчиси — Нью-Йорк бош прокурорига жиноий иш қўзғатилди

Трампнинг танқидчиси — Нью-Йорк бош прокурорига жиноий иш қўзғатилди

9 октябрь куни АҚШнинг Виржиния штатидаги судялар ҳайъати сиёсий майдонда янги шов-шувли қарор қабул қилди. Президент Доналд Трампнинг асосий рақибларидан бири саналган Нью-Йорк бош прокурори Летиция Жеймс банк фирибгарлигида айбланди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар хабар берди.

Маълумотларга кўра, Жеймс 2020 йилда Виржинияда жойлашган кўчмас мулкни сотиб олиш учун қулай кредит олиш мақсадида сохта маълумот тақдим этган, деган гумон билан текширувга тортилган.

Қизиғи шундаки, худди шундай айбловлар аввалроқ Трампнинг яна бир танқидчиси — ФБРнинг собиқ директори Жеймс Комига нисбатан ҳам илгари сурилганди.

Икки ишни ҳам Доналд Трамп томонидан тайинланган прокурор Линдси Ҳаллиган бошқармоқда. Унинг олдинги ҳамкори эса бу шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш учун етарли асос йўқлигини айтганидан сўнг истеъфога чиққанди.

Айбловлар юзасидан чиқиш қилган Летиция Жеймс барча даъволарни рад этди. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳолатнинг барчаси “сиёсий интиқом” билан боғлиқ.

— Трамп фақат шахсий манфаати ва қасос руҳи билан ҳаракат қиляпти, — деди Жеймс матбуот анжуманида.

Сентябрь ойида Трамп ижтимоий тармоқда Жеймс, Коми ва демократ сенатор Адам Шиффни “тергов ҳали бошланмаган”и учун танқид қилганди. Орадан кўп ўтмай, АҚШ Адлия вазирлиги ҳақиқатан ҳам Комига нисбатан расмий айблов эълон қилди, шунингдек, Шифф ва Жеймс бўйича ҳам тергов бошланди.

Президентнинг яқин иттифоқчиларидан бири, Федерал уй-жой молияси агентлиги раҳбари Билл Палт уларни ҳужжатларни сохталаштиришда айблаган, бироқ бу иддаоларни исботлайдиган далиллар келтирмаган.

Таҳлилчилар фикрича, мазкур воқеа АҚШдаги сиёсий курашнинг янги босқичини бошлаб бериши мумкин. Бир томонда — президентнинг жиноий ишларда айбланаётган рақиблари, иккинчи томонда — Трампнинг ўзини сиёсий реваншга тайёрлаётган ҳаракатлари.

Ҳозирча Летиция Жеймс ишни суд орқали рад этиш ниятида экани ва ўз айбсизлигини исботлаш учун барча ҳуқуқий чораларни кўраётганини маълум қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг танқидчиси — Нью-Йорк бош прокурорига жиноий иш қўзғатилди