Европа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари Латвия ҳудудида фаолият юритган йирик рақамли фирибгарлик тўдасини қўлга олди. Бу гуруҳ минглаб одамларни алдаш орқали камида 5 миллион еврога тенг зарар етказгани маълум қилинди.
Расмий маълумотларга кўра, Латвия полицияси Эстония, Австрия, Europol ва Eurojust билан ҳамкорликда «SIMcartel» деб номланган қўшма операцияни амалга оширган. Тергов жараёни давомида аниқланишича, фирибгарлар махсус SIMbox платформаси орқали минглаб SIM-карталарни ноқонуний бошқариб, улар ёрдамида шахсни яшириш ва сохта аккаунтлар яратиш имконига эга бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, айнан шу тизим орқали тахминан 50 миллионга яқин онлайн-аккаунт фаолият юритган. Ушбу аккаунтлар орқали турли мамлакатларда банк тизимига оид фирибгарликлар, инвестиция найранглари ҳамда бошқа молиявий жиноятлар амалга оширилган.
Европол хабарида таъкидланишича, жами 3200 дан зиёд шахс жабрланувчи сифатида қайд этилган. Зарарнинг катта қисми — тахминан 4,5 миллион евро — Австрия фуқаролари ҳиссасига тўғри келган. Латвияда эса жами 420 минг евро миқдорида йўқотиш қайд этилган.
Бундан ташқари, тергов жараёнида «SIMcartel» гуруҳи фақат онлайн фирибгарлик билан чекланмагани, балки мигрантларни ноқонуний олиб кириш ва шантаж билан боғлиқ бошқа жиноятларга ҳам алоқадор бўлиши мумкинлиги маълум бўлди.
Ҳозирда етти нафар гумонланувчи қўлга олинган. Улар асосан Латвия фуқаролари бўлиб, уларнинг алоқа тизимларига ва компьютер қурилмаларига экспертиза тайинланган. Европол терговни кенгайтиришни ва бошқа давлатларда ҳам ушбу тўданинг изини суришни режалаштирмоқда.
Мутахассислар бу ҳолатни “Европадаги сўнгги йиллардаги энг катта рақамли фирибгарлик операцияларидан бири” деб баҳоламоқда. Терговчиларнинг фикрича, ушбу гуруҳ фаолияти нафақат молиявий хавф, балки киберхавфсизликка ҳам жиддий таҳдид туғдиради.
Europol маълумотига кўра, операция давом этади ва янги гумонланувчиларни аниқлаш бўйича қўшимча ишлар олиб борилмоқда. Европа давлатлари бу ҳолат орқали рақамли хавфсизликни кучайтириш зарурлигини яна бир бор англаб етди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!