Ғазо ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, тинчлик шартномаси имзоланганидан кейин Исроил томонидан олиб борилган ҳужумлар натижасида 38 нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна 143 киши яраланган.
Баённомада қайд этилишича, “Ғазо секторида уруш тугагани эълон қилинганидан бери Исроил бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйди, ҳозирга келиб уларнинг сони 47 тага етган”.
Бир кун аввал Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху тинчлик келишувига қарамасдан, мамлакат Ғазодаги барча мақсадларига етиши, жумладан, ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилиш ниятидан чекинмаслигини таъкидлаган эди.
Маълумот учун, АҚШ президентининг ташаббуси билан ҲАМАС ва Исроил ўртасида тинчлик музокараларини йўлга қўйиш бўйича дастлабки қадамлар қўйилганига бир неча кун бўлди. Шу давр мобайнида ҲАМАС асирларни ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини Исроилга қайтарди, Исроил эса қўшинларини хавфсиз ҳудудларга олиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, 13 октябрь куни Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчлик саммити” доирасида АҚШ президенти Дональд Трамп, Миср раҳбари Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ғазодаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган ҳужжатни имзолагандилар.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!